Пайғамбарлар таъбирида Ватан тушунчаси
Пайғамбарлар инсониятнинг пешқадами, умматларга намуна зотлардир. Одамлар ҳаётда уларга эргашиб, улардан ибрат олиб яшайдилар. Чунки пайғамбарларнинг барча ҳаракатлари илоҳий таълимотларга асосланган.
“Қачонки, Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлда кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди…” (Қасас сураси, 29-оят).
Қози Муҳаммад ибн Абдуллоҳ “Аҳкамул Қуръон”да: “Уламоларимиз, Мусо алайҳиссалом муддатни тугатган вақтда аҳлига қайтишни хоҳлади ва Ватанига ошиқди, деган”, дейди.
Пайғамбарлар отаси номини олган Иброҳим алайҳиссалом ўз юрти ҳақига бундай дуо қилган эди.
«Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла…» (Бақара сураси, 126-оят).
Дуо – кўнгилдаги яширин сирлардан хабар берувчи, ёлғон аралашмайдиган, ҳақиқий, чин юракдан сизиб чиқувчи бир туйғу ҳисобланади. У Аллоҳ билан бевосита боғланишдир. Бу боғланишда энг самимий тилаклар, энг катта орзулар рўёби сўралади.
Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг. Унда жамиятнинг фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил айтилмоқда. Бири, тинчлик-омонлик, иккинчиси, ризқ-рўз. Ҳақиқатан, мана шу икки омил биргаликда турар экан ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири бўлмаса, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди.
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws