“Мен қалбимни топдим”
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юзта саҳиҳ қудсий ҳадис ва уларнинг шарҳи” китобида Аллоҳ таолонинг бандаларига чексиз раҳмати ва мағфиратига бир ривоятни мисол қилиб келтиради. Бу ривоят ўхшатиш учун эмас, тушунтириш учун айтилган. Ушбу воқеа “Аллоҳ таоло бандаларига мана бу аёл боласига меҳрибон бўлганидан кўра меҳрибонроқдир” дейилган ҳадиси шарифга ўхшайди. Аввома ҳазратлари айтади: “Ҳофиз ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ “Жомеъул улум вал-ҳикам”да айтган: “Машҳур зоҳид Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳнинг асҳобларидан бири кўчада кета туриб, мана бундай деб нидо қилади: “Оҳ, қаерда менинг қалбим? Ким топиб олди уни?” Шундай қилиб, бир куни бир кўчага кирса, йиғлаётган ёш болага дуч келади. Уни онаси урарди. Бироздан кейин она болани уйдан ташқарига чиқариб, эшикни ёпиб қўйди. Болакай бир ўнгга,
бир чапга қарар, қаерга боришни ва нима қилишни билмасди. Эшик олдига келиб, йиғлар ва мана бундай дер эди: “Онажоним, сиз эшикни ёпсангиз, менга ким эшик очади? Сиз узоқлаштирсангиз, менга ким яқин бўлади? Сиз ғазаб қилсангиз,
мени ким кечиради?” Онанинг раҳми келиб, эшик тирқишидан ташқарига қаради ва икки ёноғидан дув-дув ёш оқаётган, чангга беланган боласини кўриб раҳми келади. Эшикни очиб, болани бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпа бошлайди. Она болага
қараб: “Эй кўзимнинг қораси, эй жонимнинг азизи, мени ўзингга қарши қўйган ҳам, бошингга тушган нарсага сабаб бўлган ҳам ўзингсан. Агар менга итоат қилганингда бундай “нохушликлар”ни кўрмаган бўлардинг”, деди.
Шайх Зуннуннинг асҳобларидан бўлган йигит бир наъра тортди ва деди: “Мен қалбимни топдим. Мен қалбимни топдим”. Аллоҳ азза ва жалла чин истиғфор ва тавба билан юзланган бандасига мана бу аёл боласига меҳрибон бўлганидан кўра меҳрибонроқдир.
“Эй бандаларим! Сизлар Менга зарар етказишга қодир эмассизларки, Менга зарар етказсаларинг! Менга фойда ҳам етказишга қодир эмассизларки, Менга фойда етказсаларинг!”
Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожатдир. Барча оламлар эса Унга муҳтождир.
“Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса Ўзи беҳожат ва мақталган Зотдир” (Фотир сураси, 15-оят).
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws