Норвегиялик шифокор: Ал-Шифа касалхонаси «ўлим уйи»га айланди
АҚШ ва Исроилнинг ҳаракатлари натижасида Ғазо секторидаги Ал-Шифа касалхонаси «шифо уйи»дан «ўлим уйи»га айлантирилди. Бу ҳақда тиббиёт муассасасида 16 йил ишлаган норвегиялик шифокор Мадс Гилберт айтди.
«Бугун биз Исроил томонидан Ғазо секторидаги 700 ўринли асосий ихтисослаштирилган шифохона – Ал-Шифа тиббиёт мажмуаси бутунлай вайрон қилинганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — деб ёзди у ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида.
Шифокорнинг эслатишича, шифохона Британия мандати даврида ташкил этилган. “Аш-Шифа номи «Шифо уйи» деган маънони англатади, аммо Исроил ва АҚШ уни «Ўлим уйи»га айлантирган. Улар уни ёқиб юборишди, бутунлай вайрон қилишди ва беморлар, тиббиёт ходимлари, қариндошлари ва қочқинлар учун қабристонга айлантиришди”, — деди норвегиялик.
Гилбертнинг таъкидлашича, Ал-Шифа атрофида содир бўлаётган воқеалар «Исроилнинг Фаластин халқи ва унинг жамоат институтларини йўқ қилиш мақсадини кўзлаётган, мустамлакачи босқинчиликнинг юраксиз, беадаб сиёсати рамзидир».
Норвегиялик шифокор АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ҳукуматларини Исроилнинг «ҳарбий жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларини» қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилди.
«Аш-Шифанинг қотиллик майдонларига диққат билан қаранг, Ғазодаги геноцидни, унинг ижрочилари ва шерикларини ҳеч қачон унутманг!», деб ёзган Гилберт.
Аввалроқ Исроил армияси икки ҳафталик қамал ва шиддатли ҳужумлардан сўнг бутунлай яроқсиз бўлиб қолган Ғазо сектори блокададаги энг йирик тиббиёт мажмуаси Ал-Шифа касалхонасидан қўшинлар олиб чиқиб кетилганини тасдиқлаган эди.