Закот кимларга берилади?
199-cавол: Закотни кимларга бериш ўринли бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Закотни кимларга берилиши ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:
“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).
Демак, закот бериладиган 8 тоифа инсонлар бор:
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс.
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши.
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар.
4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайридинлар.
5. Мукотаб қуллар.
6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши.
7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади).
8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас).
Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмагани учун закот бериладиганлар сафидан чиқарилган.
Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
1. Бошқа дин вакилларига.
2. Бой кишиларга.
3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига.
4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни ота-она ва ўғил–қизларга.
5. Эр ёки хотинга.
6. Ҳошимийлар, яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошлари (Ақийл, Али, Аббос, Жаъфар, Ҳорис розияаллоҳу анҳумларнинг фарзандлари)га (“Ҳидоя”, “Ал–Муҳтор”, “Фатҳу бобил иноя”). Валлоҳу аълам
“ФАТВОЛАР ТЎПЛАМИ”нинг 1-жузидан
Муаллифлар: Муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги Фатво маркази уламолари
Китобнинг ҳажми: 622 бет
Муқоваси: Қаттиқ, зарҳал
Нашриёт: “Shamsiddinxon Boboxonov” NMIU
Нархи: 90 000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws