Мағфират қилиш Ўзининг иродаси
«Аллоҳ таоло айтади: “Эй одам боласи! Модомики, сен Менга дуо қилар экансан ва Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сени сендаги борки нарса ила мағфират қилурман. Парво қилмайман».
Банда гуноҳ қилганда шайтон келиб, уни васваса қилади ва айтадики: “Қайси юз билан тавба қиласан. Ахир берилган неъматларга ношукрлик қилдинг”. Агар банда шайтоннинг бу васвасасига учса, ноумидликка тушиб қолади. Бу жуда хатарли ҳолат бўлиб, бандани ҳалокат сари етаклайди.
Аллоҳ таоло эса бандасини ноумид бўлмасликка чақиради. Умид билан дуо қилса, уни мағфират қилишини айтади. Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлиш мўминга хос хислат бўлиб, турли шайтоний ҳийлалардан сақлайди ва уни яхшиликлар сари етаклайди.
“Парво қилмайман”. Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот” китобида бундай дейди:
“Парво қилмайман”, яъни гарчи гуноҳ катта ёки кўп бўлса ҳам, Менга сени мағфират қилиш катта иш ҳисобланмайди. Айтиладики, фойда, салоҳият ва умид сўрашдан иборат ибодатнинг илиги бўлган дуо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишни ўз ичига олади.
Аллоҳ азза ва жалла эса: “Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман”, деган. Ана ўша пайт Аллоҳ таолонинг раҳмати бандага юзланади. Унинг раҳмати етганда ҳеч нарса катта ҳисобланмайди, чунки у ҳамма нарсадан кенгдир.
Имом Тибий раҳматуллоҳи алайҳ “Парво қилмайман” сўзини “У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар” (Анбиё, 23)ояти маъносидадир, деган.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм