Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъбирларида Ватан тушунчаси

Чоп этилди Aprel 22, 2024 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъбирларида Ватан тушунчасиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар бир ишда умматга ўрнак бўлган зот Ватанга бўлган муҳаббатни амалий ҳаётда қандай бўлишини ҳам кўрсатиб берганларَ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қараб: “Эй Макка! Сен қандай гўзал шаҳарсан! Сен менга қандай суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида эди, бошқа жойда турмасдим”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Муҳаммад ибн Муслимдан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайрдан эшитдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳонинг ҳузурига юраги сиқилган ҳолда қайтдилар. Кирибоқ: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. Ўраб қўйилган эди, ўзларига келиб: “Эй Хадича, менга бир талафот бўлдими, деб қўрқдим, менга бир кори ҳол бўлдими, деб қўрқдим”, дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо: “Хурсандлик хабарини беринг, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч хафа
қилиб қўймайди. Чунки сиз рост гапирасиз, қариндошлар билан борди-келди қиласиз, оғирни енгил қиласиз, меҳмондорчиликни жойига қўясиз ва ҳақ йўлдаги кишига қийинчилик етса, ёрдам берасиз”, дедилар. Кейин Хадича розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Варақа ибн Навфал
ибн Асаднинг ҳузурига олиб борди. У насроний динини қабул қилган, Инжилни арабча ўқийдиган, кўзи ожиз мўйсафид киши эди. Хадича розияллоҳу анҳо:
“Эй амакимнинг (ўғли)! Биродарингизни ўғлидан эшитинг”, дедилар. Варақа айтди: “Эй биродаримни ўғли! Нима кўрмоқдасиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларини айтиб бердилар. Варақа: “Бу Мусога нозил бўлган Жаброилдир. Қанийди, ёш бўлсам, қанийди, қавмингиз сизни (Маккадан) чиқарганида тирик бўлсам?!” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар мени (ўз юртимдан) чиқариб юборадиларми?” деган эдилар, Варақа: “Ҳа, (чиқариб юборишади). Шу вақтга қадар бирор киши сиз каби хабар олиб келмаган эди, агар келтирган бўлса ҳам қайтарилар эди. Аллоҳ сизга етган кунлар менга ҳам насиб этса, қўллаб-қувватлаб ёрдам берар эдим”, деди» (Имом Аҳмад ривояти).
Шарҳ: Ҳадис бошқа саҳиҳ китобларда бироз фарқли кўринишлар билан ривоят қилинган. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” “Таъбир китоби” бўлимининг “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийни илк бошланиши боби”да “Улар мени чиқарадиларми?” ҳадиси шарҳида қуйидагиларни айтган:
«Суҳайлий айтади: “Ҳадисдан нафсга ватандан айрилишни қийинлиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Варақани мушриклар азият бериши, ёлғончига чиқариши ҳақидаги гапини жим эшитдилар. Улар (сизни ватанингиздан) чиқаради деб айтганида, ватанга бўлган муҳаббат ва ошнолик сабаб жойларидан қўзғалиб: “Улар мени (ватанимдан) чиқарадиларми?” дедилар».
Энг кўп имтиҳонга учрайдиган зотлар пайғамбарлардир. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини энг суюкли нарсаларидан айириш билан имтиҳон қилган. Шунингдек, энг сўнгги пайғамбарини ҳам. Бу ҳақда Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини ватандан айириш билан имтиҳон қилди”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрган саккиз нарса ҳақида сўз юритган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат шу саккиз нарсага муҳаббат қўйган экан-да, деган фикрга бормаслик керак. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп нарсаларни яхши кўрганлар. Бу ерда кўпроқ яхши кўрган нарсалари зикр қилинган, холос. Улар қуйидагилар:
Ойша розияллоҳу анҳо, Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Усома розияллоҳу анҳу, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо, ҳолва, асал ва ватан. Демак, биз ҳам юқорида айтилган сўзлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, уларни қўлдан келганча ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим.
Биз ҳам доимо қадрли инсонлар, қадрли нарсаларни яхши кўришимиз керак. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммамизга ўрнак-намунадирлар.

“Исломда ватан тушунчаси” китобидан

Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет‎
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32‎

Муқоваси: қаттиқ

http://hidoyatuz.taplink.ws