Мақолалар

Саййидул истиғфор қандай айтилади?

Чоп этилди May 6, 2024 Саййидул истиғфор қандай айтилади?da fikr bildirishni o'chirish

«Сен (Менинг тарафимдан): “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ
барча гуноҳларни мағфират этар. Албаттта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир”, деб айт»
(Зумар сураси, 53-оят).
Ушбу оят кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, гуноҳларини ювадиган нарса ҳақида сўраганларида нозил бўлган. Бу оят Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилган Ваҳший
ҳақида нозил бўлган ҳам дейилади.
Муфассир уламоларимиз мазкур оятни Қуръони каримдаги энг умидбахш оятдир, дейдилар. Унда мўмин бандалар учун улуғ башоратлар бор. Қуръони каримда истиғфор ҳақида жуда кўп оятлар ворид бўлган. Аллоҳ таоло гоҳида истиғфорга буюради:

 “Ва Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир” (Бақара сураси, 199-оят). Гоҳида истиғфор айтувчиларни мадҳ этади: “…саҳарда истиғфор айтувчилардир” (Оли Имрон сураси, 17-оят). Гоҳида эса истиғфор айтувчиларга бериладиган мукофотларни зикр қилади: “Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топадир” (Нисо сураси, 110-оят).
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, истиғфор қандай айтилади? Аввало, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, гуноҳларни эътироф қилиш, сўнг Аллоҳ таолодан мағфират сўраш. Бу тартиб истиғфорнинг энг саҳиҳ сийғаси “Саййидул истиғфор”да келган. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Саййидул истиғфор – “Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту
аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу-у лака биниъматика ъалаййа ва абу-у бизанбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла анта”ни айтмоқлигингдир. Ким уни кундузи ишонч билан айтса ва ўша куни кеч киргунча вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким уни
тунда ишонч билан айтса ва тонг отишидан олдин вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади”,
дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Маъноси:
“Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган ишларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди”.
“Саййиди истиғфор”ни ёд олиб, уни доим ўқиб юришни ҳаммамиз одат қилишимиз лозим.

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг

“Раббоний нидолар” китобидан

Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм

http://hidoyatuz.taplink.ws