Холис тавҳид
“Эй одам боласи! Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келсанг, аммо Менга ширк келтирмаган бўлсанг, Мен сенга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман”.
Келинг, тавҳид ҳақида бироз сўз юритайлик. Тавҳид ўзи нима? “Тавҳид” деб бир нарсага яккалик нисбатини бериш ва ундан кўпликни инкор этишга айтилади. Араб тили қоидаларига кўра, “тафъил” бобида нисбат бериш маъноси ҳам бор. Мисол учун, “Ваҳҳаттуллоҳа” дейилса, унинг маъноси “Аллоҳ таолога ваҳдоният нисбатини бердим, Унинг Ўзи якка эканига ишондим” бўлади. Шаърий истилоҳда “тавҳид” ширк келтиришнинг ҳар қандай кўринишидан воз кечиш ва Аллоҳ таолонинг зотида, сифатларида ва ишларида ягона деб эътиқод қилишдир.
Тавҳид ақоид фанининг бош мавзуси ҳисобланади. Шу эътибордан унга тавҳид илми ҳам дейилади. Ақоид Аллоҳ таолонинг Зоти, гўзал исмлари, баркамол сифатлари ва ишлари ҳақидаги илмларни ўргангани учун у энг шарафли илм ҳисобланади. Чунки илмнинг шарафли бўлиши ундан маълум бўлган нарсаларнинг шарафи билан бўлади.
Тавҳид – Аллоҳ таолонинг розилигига эришишнинг калити, дин ва барча шариатларнинг пойдевори, пайғамбарлар даъватининг негизи, китобларнинг нозил бўлишидаги бош сабаб, бутун солиҳ амалларнинг қабул бўлиши унга боғлиқ бўлган, нафақат амаллар, балки банда иймонининг асоси, унга буюрилган биринчи ва энг улуғ фарз ҳамда дунё ва охиратда нажот топишнинг манбасидир. Бу фазилатларни ҳали узоқ давом эттирса бўлади.
Тавҳид мавзуси жуда муҳим ва айни вақтда жуда хатарли масаладир. Унинг муҳимлиги шундаки, юқорида айтиб ўтилган барча фазилатлар у туфайли юзага келади. Хатарли жиҳати эса олдин ҳам, бугун ҳам барча адашган тоифалар тавҳид масаласини нотўғри талқин қилиб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам йўлдан озишига сабаб бўлишган.
Ҳайрон қоладиган томони шундаки, улар тавҳид масаласида адашган бўлишларига қарамай, ўзларига “Аҳлут тавҳид” – “Тавҳид тарафдорлари” каби
номлар қўйиб олишган. Бу мавзуда яна ҳам кўпроқ билишни хоҳлаганлар ақоид китобларига мурожаат қилишлари мумкин. Биз шу билан кифояландик.
Тавҳид мағфиратга сабаб бўладиган энг катта ва муҳим омил ҳисобланади.
Юқорида ўтган икки фазилат: умид билан дуо қилиб мағфират сўраш ва истиғфор айтиб тавба қилиш тавҳидга боғлиқ. Агар тавҳид бўлмаса, на дуонинг, на истиғфорнинг фойдаси бор.
Ширк ва маъсиятлардан воз кечиб, Аллоҳ таолонинг биру борлигини тилидаю дилида эътиқод қилиб, солиҳ амалларда бардавом бўлган банданинг борар жойи жаннат бўлади. Бу борада Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Тавҳиддан кўра каттароқ савоб йўқ”. Ким тавҳиддан бошқа солиҳ амали бўлмаган ҳолда вафот этса, унинг иши Аллоҳ таолога ҳаволадир. Хоҳласа, кечиради, хоҳласа, дўзах билан азоблайди. Дўзахга кирган тақдирда ҳам унда абадий қолмайди. Жазосини олгач, тавҳиди сабаб мағфират қилиниб жаннатга киради.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм