Умрага бораман-у…
Одамлар “гап”ларини умрага бориб ўтказиб келишни одат қилишяпти. Астағфируллоҳ! Шунақа бўлиб кетди. Энди мен сизга мана бу ҳадисни эслатмоқчиман. Азиз биродар, сиз битта мусулмонни, битта ҳамюртингиз, битта фақир, битта мискиннинг бошини силанг, бир ой Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ўтирганнинг савобини оласиз.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
Бурунлари умрага бориш ҳамманинг орзуси эди. Умрага бораётган кишига ёшу қарининг ҳаваси келарди.
Беш-олти йил бурун ҳам умрага бораётган одам дуо сўраса, кузатаётган киши “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бизларнинг…” дерди-ю, тўлқинланиб кетганидан кўзи ёшга тўлиб бошқа гапиролмай қоларди.
Кейинги йилларда эса эркинликлар бўлиб, умрага бориш осонлашиб қолди. Шароити кўтарганлар бир неча марта, ҳатто оила аъзоларини ҳам олиб умра ибодатини бажариб келяпти. Тасанно! Аммо, тассуфки, шундай гўзал ибодат айрим кимсалар учун ибодатлик хусусиятини йўқотиб, сайрга, томошага, урфга айланиб боряпти.
Муборак маконларга ибодатни қасд қилиб боришга илгари давлатнинг ёпиқлиги, ундан кейин умрага бориш-қайтиш харажатлари учун пул топиши муаммолари бўларди. Энди эса биринчи муаммо ўртадан кўтарилди. Лекин янгисини ўзимиз пайдо қилдик. Яъни ўзимиз янги урф-одатлар ўйлаб топиб, уларнинг хизматкорига айландик.
Дўстларимиздан бири айтади: “Отамни умрага юбормоқчи бўлсам, “Боришга-ку, боравераман-у, аммо қайтгандан кейин тўй қилиб беришга қийналиб қоламиз-да”, дейди”.
Яқинда бир маҳалладошимиз аёли билан умрага жўнаётган экан, ҳам кузатганимиз бўлсин, ҳам суҳбатлашганимиз, деб бордик. У айтади: “Қишлоқдаги укамни ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлувдик. Аммо у қайтгандан кейин катта тўй қилиб беришга кучи етмаслигини айтиб рози бўлмади. Ўтган ҳафта умрадан қайтган бир ҳамқишлоғимиз фақат гўштнинг ўзидан беш хил таом тортибди. Ўшани кўриб буткул журъати сўнибди боланинг”.
Эсингизда бўлса, уч-тўрт йил бурун умра сафаридан қайтаётганларни кутиб олиш учун йўлларига пояндозлар ёзиларди ва бу ишлар танқидга учраганди… Энди эса ўшанга қўшимча сифатида “Умра безаклари” хизмати ҳам пайдо бўлибди. Безаклар тўйхонадами ёки уйдами – фарқи йўқ. 20 метрча масофа, ўртага чўғдек гилам тўшалган, атрофи гуллар билан ўралган, тепага “умра муборак”, деган ёзув гулчамбардан ясалган тахт.
Маълумкингизки, умра – ибодат. Ибодатлар эса риё бўлиб қолмасин дея имкон даражасида одамларга кўз-кўз қилмасдан бажарилади. Яъни улағларимиз айтганидек, умрага фақир бўлиб бориб, ҳақир бўлиб қайтиш керак. Мадинаи мунавварага, Маккаи мукаррамага орқа ўгириб суратга тушиш – умра амаллари ичида йўқ. У биринчидан, одобсизлик, иккинчидан эса риёга йўл очишнинг айнан ўзгинаси.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Ибн Можа ривоят қилган).
Ушбу ҳадисдан аён бўладики, Аллоҳнинг меҳмони бўлиб, Ундан мағфират сўраган ва Аллоҳ уни мағфират қилган зиёратчи ҳақида уламолар: “Умра қилган кишининг яхши ҳолатга ўзгариши, қилган умрасининг мақбул бўлгани аломатидир”, деганлар…
Дамин ЖУМАҚУЛ