Эркакларнинг соч ўстириш одоби
Aнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари икки елкаларини силар (елкаларигача тушиб турар) эди (Имом Бухорий ривояти).
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг сочи бўлса, уни эҳтиром қилсин (унга эътиборли бўлсин)”, дедилар (Имом Aбу Довуд ривояти).
Дарҳақиқат, соч инсоннинг зийнати ва кўрки бўлиб, бош терисини зарарли нурлар таъсиридан ҳимоя қилади. Соч қўймоқчи бўлган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига биноан уни парвариш қилиши, яъни ювиб-тараши, эркаклик қиёфасига зид бўлмаган узунлик ва шаклда тартибга келтириб туриши керак. Аслида, соч қўйиш эркаклар учун мубоҳ ҳисобланади. Лекин бу ҳукм замон ва маконга, одат ва шароитларга қараб турлича бўлиши мумкин. Масалан, узун соч ўстириш эркаклар учун маълум бир давр ёки ҳудудда табиий ҳолат бўлса, бошқа давр ёки ҳудудда маданиятсизлик, ҳатто ахлоқсизлик деб баҳоланиши мумкин. Бунинг сабаби кўпинча ўша амал ахлоқсиз, табиати бузуқ шахслар ёки тоифаларнинг тимсоли ва рамзига айланиб қолиши билан боғлиқ бўлади. Мисол учун, фосиқ, табиати бузуқ кимсалар маълум бир либос билан танилиб, уларнинг хос белгисига айланса, ўша либосни кийиш бошқалар учун жоиз бўлмайди. Бу маънони Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қўллаб-қувватлайди: “Ким ўзини (юриш-туриш, кийиниш ва ўзини тутишда) қайсидир қавмга ўхшатса, у ана шу қавмдан (ҳисобланади)дир”.
Имом Қуртубий айтади: “Мунофиқ, фасод тарқатувчи инсонлар маълум бир либосни ўзларига тимсол ва рамз қилиб олсалар, бошқа инсонлар у либосни кийиши ҳаромдир. Чунки одамлар ўша либосни кийган кишини нифоқ ва фасод эгаларидан деб гумон қилишади. Бунинг оқибатида иккиси ҳам – бири ёмон гумони, бошқаси айни шу гумонга сабабчи бўлгани учун гуноҳкор бўлади. Қолаверса, уларга хос бўлган либосни кийишда уларни қўллаб-қувватлаш маъноси ҳам бор”.
Бугунги кунда узун соч ўстириш, ҳатто турмаклаб юриш айрим эркак ва ўсмирлар орасида кўпайиб бормоқда. Бу миллий анъана, урф-одатларимиз ва маданиятимизга зид бўлган ҳолатдир. Буни суннат деб ҳам бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини елкалари баробар ўстирган бўлсалар, ўша замоннинг урф-одати, ҳаёт тарзидан келиб чиқиб шундай қилганлар. Зеро, у зот ўз қавмларининг шариатга зид бўлмаган урф-одатлари, ҳаёт тарзларини инкор қилмаганлар. Дарҳақиқат, динимиз шариатга зид бўлмаган урф-одатларни рад этмайди.
Манбалар асосида “Саййид Муҳйиддин махдум”
ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Aбдулазиз ФУРЗУЛОВ тайёрлади.