15 май – Халқаро оила куни! Шайтон ишда: оила инқирозда
«Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 21‑оят).
Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, эр-хотинга бир-бирининг айбу нуқсонлари ҳам фазилат бўлиб кўринадиган даражадаги муҳаббати бир йилга яқин давом этади. Чунки инсоннинг мияси биологик жиҳатдан шунча вақт ичидаги романтик туйғуларга қодирдир. Турмуш қурганларига уч йиллар ўтганидан кейин эса оилада инқирозий реализмнинг дастлабки босқичи ёки хафалашиш жараёни бўй кўрсатади. Бу босқич ўрта ҳисобда оила ҳаётининг еттинчи йилигача давом этади. Пуштиранг кўзойнаклар бир чеккага улоқтирилади ва ўзаро танқид алмашишларнинг ҳаддан ташқари кўпайиши бошланади. Ҳақиқат кутилганларга мос келмайди
Эр-хотин энди бир-бирларига қандайлигини, бир-бирлари ҳқида нима ўйлашларини, нимани кутишлари ва нима учун ғазабланишлари ҳақида гапиришдан андиша қилмай қўядилар. Буниси ҳам камдек, энди фақат пуштиранг кўзойнакни ечиш билан кифояланмасдан, турмуш ўртоғимизнинг нуқсонларини яхшироқ кўриш учун кўзга заррабин (катта қилиб кўрсатадиган икки томони қабариқ шиша) тақиб оламиз. “Нотўғри қилдинг ёки қилдингиз”, “Нега бунда қараяпсан ёки қараяпсиз?” “Шу рўмолингни ярим соатдан бери ўраяпсан…” Ва яна кўп нарсалар шу тахлит давом этиб кетаверади.
Эр ҳам, хотин ҳам жиловни ўзи томонга тортиб, жуфтининг бошида ўзи тасаввур қилгандек бўлишини истайди ва шунга ҳаракат қилади. Шайтон алайҳи лаъна қулай фурсатни қўлдан бермасдан бизни васвасага сола бошлайди – бирга яшашда давом этмаслигимиз, жанжални давом эттиришимиз учун у ҳар бир кичик айбни ҳам кўзимизга катта қилиб кўрсатади.
Ушбу босқичда тушкунлик кундан-кунга кучайиб боради, чунки бу вақтга келиб, ҳар бир турмуш ўртоғининг бошида яратилган идеалга бўлган умид ўчган бўлади. Бунинг ўрнига ўзаро тушунмовчиликлар бири иккинчисига босим ўтказишлар кучаяди. Бу таранглик кимнингдир тоқати тугагунча ва бахт учун курашишни ҳам унутиб жавзавага тушмагунича давом этади. Оқибатда кўплаб оилалар танловда хатога йўл қўйилгани ва никоҳи муваффақиясиз бўлиб чиққани ва бу хатони тузатишга қаратилган барча уринишлар фойда бермаганини айтиб ажрашади.
Аслида ана шу босқич чидам билан ўтилса, вақт ўтиши билан ҳаммаси яхши бўлиб кетади ва оила янада мустаҳкам бўлади ва шайтоннинг оилангизни бузишга яна бир уриниши муваффақиятсизликка учрайди. Чунки унинг найранглари ниҳоятда хилма-хил ҳийлалардан иборат.
Борди-ю, сиз ўзаро инкор қилишларнинг ушбу босқичидан омон қолсангиз ва шу давр ичида ажрашиб кетмасангиз, кейин тадқиқот ва кашфиёт босқичи бошланади. Бу ҳодиса никоҳнинг 12-йилидан бошланиб тахминан ўн йилгача давом этади. Оила бу босқичга зерикарли жанжал ва можаролардан сўнг яқинлашади, лекин ҳар бир томон аллақачон муайян йўқотишларни бошдан кечирган бўлади.
Бу давргача етиб кела олган оилада эр-хотинлар барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга, бир-бирига бўйсунишга ва яқинликларини қайта тиклашга эришадилар. Энг қизиғи, танловнинг унчалик ёмон бўлмагани аниқланади. Буни қарангки, унинг қандайдир мафтункорлиги бор, у эса никоҳнинг сақлаб қолишга арзийдиган даражада яхши.
Турмуш ўртоқлар мулоқот қилишни ўрганади, келишувга эришади, жуфтликларининг аҳамиятини тушунади ва муносабатлар завқлантира бошлайди. Аммо бу босқичда ҳам аҳилликни чўктиришга таҳдид соладиган тузоқлар мавжуд. Биз огоҳлантирилаётган инқирознинг яна бир янги тўлқини яқинлашмоқда. Бу – ўрта ёш инқирози. Агар ёш ўртасида фарқ бўлса, сиз бу даврга бирга кириб келмаган бўлсангиз, бу даврдан ўтиб олишингиз осон бўлади. Яъни эр аллақачон буни бошдан кечиргани сабабли аёлига шу босқичдан ўтиб олишига ёрдам беради. Аёлнинг ёши каттароқ бўлса, у ёрдамчи бўлади – буниси энди бизнинг жамиятда кам учрайдиган ҳодиса.
Худди олдинги босқичдагидек, оила бу босқичдан ҳам ўтиб, бир-бирини қадрласа, ҳимоя қилса, тушунса, энг мустаҳкам оилага айланади. Улар энди ҳеч нарсадан қўрқмасдан олдинга қараб бораверади. Шунга қарамай, шайтон бу оилага кириб, уни вайрон қилишга уринишда давом этади, шунинг учун оилада ҳали ҳам тушунмовчиликлар аҳён-аҳён бўлса-да, юз бериб туради.
Рустам Хайруллин “Оила дарслари“
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.