ЮРТИМИЗ ЗИЁРАТЧИЛАРИ МАДИНАИ МУНАВВАРАДА
Айни кунларда “Ҳаж – 2024” мавсумининг илк гуруҳлари Расул алайҳиссалом шаҳри – Мадинаи мунавварада тоат-ибодат ва муборак зиёратлар билан машғул бўлиб турибди.
Зиёратчиларимиз дастлаб Масжидул Набавийдаги Равзаи шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўзи ва яқинларининг салом ва дил сўзларини етказишди.
Бугун, 25 май куни эрта тонгдан эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида бўлғуси ҳожиларимизнинг илк гуруҳлари муборак шаҳарда мўътабар жойларни зиёрат қилдилар. Аввал Ислом тарихида машҳур Уҳуд тоғида бўлишди. Кейин эса Қуръони каримда тақво асосига қурилган дея таъриф этилган “Қубо” масжидида зиёратларини давом эттирдилар. Сўнг икки қиблали масжид – “Масжидул қиблатайн”ни кўриб танишдилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур зиёрат чоғида зиёратчиларимизга табаррук жойлар фазилати, бу маконларнинг Ислом тарихида тутган ўрни ва инсонлар иймону ихлосини янада зиёда қилиши ва ушбу сафардан ҳар ким ибрат олиб тақвоси зиёда бўлиши лозимлигини батафсил тушунтириш баробарида чин ихлос билан қилинган тилаклар қабул бўлишини таъкидлаб, эл-юртимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.