“Яхши одам эди, Аллоҳ раҳмат қилсин”
Тобеин олимлардан Абул Асвад ад-Дуалий ҳикоя қилади:
Ҳазрати Умарнинг халифалик йилларининг бирида Мадинага боргандим. Ўша кунларда Мадинада бир касаллик пайдо бўлганди, инсонлар бир-бирининг ортидан ўлаётган эдилар. Ҳазрати Умарнинг ёнида ўтиргандим. Шу вақт у ердан бир тобут кўтардилар. Шу ерда ҳозир бўлганлар ўлган одам ҳақида чиройли сўзларни сўзладилар.
Шу чоқда ҳазрати Умар: “Қабул бўлди”, деди. Сўнгра яна бир тобут кўтарилди. Бу тобутдаги одам ҳақида ҳам чиройли гапларни айтдилар. Ҳазрати Умар яна: “Қабул бўлди”, деди.
Ундан кейин учинчи тобут кўтарилди. Бу сафар мусулмонлар ўлган одам ҳақида ёмон гапларни гапирдилар. Ҳазрати Умар яна: “Қабул бўлди”, деди. Мен ундан ажабланиб:
– Нима қабул бўлди, эй мўминларнинг амири? – деб сўрадим.
Ҳазрати Умар бундай жавоб берди:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлари каби сўзладим. У зот бундай марҳамат қилган эдилар:
“Ҳар қандай мусулмон ҳақида тўрт киши “яхши одам эди”, деса Аллоҳ уни жаннатига киритади”.
Шу гапни айтганларидан кейин у зотга бир неча саволлар берган эдик.
– Уч киши унинг яхши одам эканини сўзласа нима бўлади, ё Расулуллоҳ?
– Уч кишининг яхши дейиши ҳукми ҳам шундай бўлади, – дедилар.
– Икки киши яхши деса-чи? – деб сўрашда давом этдик.
– Икки кишининг яхши дейиши ҳам шу ҳукмдадир, – дедилар.
Кейин Пайғамбар алайҳиссаломдан бир кишининг яхши дейиши-чи? деб сўрашдан ҳаё қилдик[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Жаноиз, 85; Шаҳодат, 6; Термизий, Жаноиз, 63; Насоий, Жаноиз, 50; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 21-22,30,45-46.