БАҚИЪ ҚАБРИСТОНИДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО
«Ассалааму алайкум, дааро қовмин муъминийн. Ва иннаа, иншаа Аллооҳу бикум лааҳиқуун».
Маъноси: “Сизларга салом бўлсин, эй мўмин қавмлар ҳовлиси (аҳллари!). Иншааллоҳ, биз ҳам
сизларга қўшилувчимиз”.
Яна қуйидаги ҳадисда келган дуони қилиш ҳам мумкин.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар менинг навбатим бўлганда туннинг охирида Бақиъга чиқиб:
“Ассалааму алайкум, дааро қовмин муъминийн. Ва атаакум ма тууъадууна ғодан муажжалуун.
Ва иннаа, иншаа Аллооҳу бикум лааҳиқуун. Аллооҳумма иғфирлии лиаҳли Бақииъил ғорқод”, деб айтар эдилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Маъноси: “Ассалому алайкум, мўмин қавмнинг диёри! Сизларга эртага деб ваъда қилинган нарса келди. Кечиктирилгансиз. Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизларга етишамиз. Аллоҳим, Бақиъул ғарқад
аҳлини мағфират қилгин”.
Шориҳлар “Кечиктирилган сиз” деган сўзни “Сизларга ўлим етган, лекин ажру савобни тўлиқ олишингиз кейинроқ, қиёмат кунида бўлади”, деган маънода изоҳлашган.
Бақиъ қабристонида Усмон розияллоҳу анҳуга салом берилади.
Кейин Фотиҳа ва Бақара сурасининг аввалги 5 ояти, Оятул курсий, Аманар Расул, Ясин, Мулк, Такаасур сураларидан кейин Ихлос сурасини уч ёки ўн бир марта ўқиб, Бақиъ аҳлига савобини бағишланади. Агар юқоридаги сураларни ўқишга қодир бўлмаса, ўзи билган сураларни ўқиб, савобини бағишлайди. Мазкур ишларни қабристон зиёрати одобларига риоя қилган ҳолатда амалга оширади.
Китоб номи: “Умра – улуғ амал”
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov» НМИУ
Сана: 2023 йил
Ҳажми: 272 бет
ISBN: 978-9943-12-684-8
Ўлчами: 60х84 1/32
Муқоваси: юмшоқ
http://hidoyatuz.taplink.ws