Ислом – тинчлик, ҳамжиҳатлик ва илм-маърифат дини
Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, Исломни илм-маърифат, тинчлик дини сифатида намоён этган улуғ мутафаккирлар ватани экани бутун дунёга маълумдир. Юртимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигига қаратилган ислоҳотлар муборак Ислом дини улуғлаган фазилатлар – бағрикенглик, саховат, мурувват, яхшилик каби эзгу амалларга ҳамоҳанглиги билан ибратлидир.
Диний соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз очар эканмиз, юртимизда қад ростлаётган кўркам ва шинам масжидларни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Чунки бугун шаҳар марказларию туманларда, ҳатто олис ҳудудлардаги масжидлар ҳам замонавий қиёфага кириб, намозхонлар учун барча шароит яратилмоқда. Сўнгги 7 йилда бундай масжидларнинг 100 дан ортиғи янги oчилди, 400 дан зиёди қайта бунёд этилди, 500 таси таъмирланди. Бу ўзгаришлар қаторида Диний идора қошида Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими ташкил этилиб, ўлкамизда 28 та “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолият бошлади. Шунингдек, масжидларда муаззинларнинг азон айтиш маҳоратларини яхшилаш бўйича курслар ташкил этилгани ҳам аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ислом олами билан алоқалари ривожланди. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Турли давлатларнинг диний идоралари билан меморандумлар имзоланди. Халқаро анжуман ва илмий конференцияларда уламоларимизнинг чиқишлари юқори баҳоланди. Ўтган йили Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Мусулмонлар диний идоралари раҳбарлари кенгашининг IV йиғилиши ва Бухоро шаҳрида Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги кенг нишонланди. Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада жуда катта ишлар амалга оширилаётганига дунё уламолари бевосита гувоҳ бўлди.
Юртимиз уламоларининг исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муборак динимизнинг таълимотларини халқимизга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланиб келинмоқда. Жумладан, “Имом Бухорий” ордени таъсис этилди. Эътиборлиси, юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигини арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ турли соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шундай фидойи юртдошларимиз қаторида уч нафар имом-хатиб “Имом Бухорий” ордени билан мукофотлангани барча диний соҳа вакилларини бениҳоя хурсанд қилди. Ушбу қувончли воқеа янги Ўзбекистонда Ислом дини ва соҳа ходимларига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Шу йилги Ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилгани тарихий воқеа бўлди. Бундай қувончдан руҳланган ҳожилар Мино, Арафот ва Муздалифада юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун дуолар қилишди. Улар бир овоздан маънавият тарғиботчиси бўлиш ташаббусини илгари сурди. Сўнг ҳожилар Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқди ва “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолият юритишга бел боғлади. Мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш ишлари республикамизнинг барча ҳудудлари каби Хоразм вилоятида ҳам намунали ташкил қилиниб, жуда катта ижобий самараларга эришилди. Ислом динининг асл моҳияти, унинг тинчликпарварлик, инсонпарварлик ва эзгуликка асосланганини ҳар томонлама мукаммал намоён этиш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳар бири муҳим аҳамиятга эга.
Муқаддас динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандош олимларимиз қаторида, Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга муборак динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйиш мақсадида, 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ушбу ташаббусга мувофиқ, 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиладиган бўлди.
Дарҳақиқат, Ислом тинчлик, ҳамжиҳатлик ва омонлик динидир. Муқаддас Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” (Бақара сураси, 208-оят) дея хитоб қилиниши тинчлик-осойишталикни таъминлашга барча бирдек масъул эканини англатади.
Шу боис, нуфузли халқаро тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатларининг таниқли уламолари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Мазкур конференцияда бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали даврда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича маърузалар ўқилади, ўзаро тажриба алмашиш ва бу йўналишда ҳамкорлик қилиш масалалари кенг муҳокама қилинади. Зеро, мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришилади.
Кутилаётган натижаларга кўра, Ислом динининг асл моҳияти, унинг тинчликпарварлик, инсонпарварлик ва эзгуликка асослангани ҳар томонлама мукаммал очиб берилади;
- глобаллашув шароитида миллий ва диний қадриятларни ташқи таъсирлардан асраш, ўсиб келаётган ёшларни умуминсоний қадриятлар асосида комил инсон этиб тарбиялаш, уларда экстремизм ва терроризм каби таҳдидларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг илмий-назарий асослари шаклланади;
- Ўзбекистоннинг шонли ўтмиши, бугунги ҳаёти ва буюк келажагини намоён этишга хизмат қиладиган маърузалар ўқилади;
- Буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас Ислом динининг тинчликпарварлик, инсонпарварлик моҳиятини кенг очиб беришдаги хизматлари эътироф этилади.
Тинчлик, аввало, ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага, оиладан маҳалла ва жамиятга, сўнг давлатга ўтади. Натижада бутун дунё тинч ва фаровон бўлади. Бефарқлик ва лоқайдлик инсоннинг ҳаётда ўз йўлини топа олмай, адашиб кетиши учун асосий сабабдир. Инсон доимо огоҳ бўлиб яшаши керак. Ва ҳозирги кунда огоҳлик бу давр талабидир. Жамият аъзолари доимо бир-бирларини тушуниб, ўзаро келишишлари ва тафриқага тушмасликлари керак. Инсонлар доимо аҳил бўлиб яшашса, барча ишларда кенгашиб иш кўришса, улар турли хил оқимларга қўшилиб қолмайдилар, аксинча ҳақ йўлида собитқадам бўлишади. Ёшларни соғлом фикрлашга ўргатиш давримизнинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса – халқ тинчлигидир. Ақида масаласида ёшлар тафаккурини тўғри шакллантириш – бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишдир. Чин мўминлик аҳилликдир. Чунки инсонлар орасидаги аҳиллик жамиятдаги тотувликни таъминлайди. Жамиятда аҳил-иноқлик ҳукм сурса, демак, юртда фаровонлик бўлади, халқ тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Ҳозирги кунда бизнинг диёримиз дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида юқори ўринда турибди. Бу улкан неъматдир.
Бугунги глобаллашув даврида Ислом дини таълимотлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни диний бағрикенглик, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда Ислом динига ёт бўлган радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини халқаро жамоатчилик эътиборига етказиш бизнинг бош мақсадимиздир.
Хайрулла домла АБДУЛЛАЕВ,
ЎМИ Хоразм вилояти вакили