ИМОМ ТЕРМИЗИЙ – БУЮК МУҲАДДИС
Бугунги кунда Мовароуннаҳрда муҳим ўрин эгалловчи ҳадис мактаблари фаолияти, муҳаддислар ҳаёти, улар яшаган даврдаги ижтимоий жараёнлар, фан ва маданиятни янада мукаммалроқ ўрганишни талаб этилмоқда. Жумладан, Мовароуннаҳрда IX асрда яшаган етук муҳаддис Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ҳадис илмида тутган ўрнини атрофлича тадқиқ этиш аҳли илмларимиз олдидаги долзарб вазифалардан биридир. Қолаверса, бу каби тадқиқотлар маданий меросимизни янада теранроқ ўзлаштиришга, халқимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Суламий Зарир Буғий Термизий 209/824 йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол оилада туғилиб, 279/892 йилда шу қишлоқда вафот этган. Имом Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар у кишининг “Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган”, деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, Имом Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.
Имом Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаб, бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига сафар қилган. Тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича Имом Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида Имом Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларидан таълим олади.
Имом Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишонарли тўплам), “аш-Шамоил ан-Набавия” (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари), “ал-Илал фил-ҳадис” (Ҳадислардаги иллатлар), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола), “ат-Тарих” (Тарих), “Китоб аз-зуҳд” (Зоҳидлик китоби), “Китоб ал-асмо вал-куно” (Исмлар ва кунялар китоби) каби асарлар шулар жумласига киради.
Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, “Сунани Термизий” асарини ўрганиш, асарда келтирилган ҳадисларни илмий таҳлил қилиш, ёшларда миллий мафкура, миллий онгни шакллантиришда, уларнинг ахлоқий тарбиясида муҳим ўрин тутади. “Сунани Термизий” композицияси, мавзуларнинг изчиллиги, ҳадисларнинг муайян мавзуларга оид бобларга жойлаштирилиши каби уни бошқа асарлардан ажралиб турадиган жиҳатларини ўрганиш ҳам давримизнинг муҳим масалаларидан саналади.
Имом Термизийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китоби хорижлик уламолар томонидан пухта ўрганилган ва унга кўплаб шарҳлар. Афсуски, бизнинг уламоларимиз томонидан бу асар ҳар томонлама илмий тадқиқ этилмаган. Мазкур асарни тадқиқ қилиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Демак, биз бу ишларни амалга оширишга масъулмиз.
Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг ҳаёти ва у қолдирган бой маънавий меросни ҳар томонлама ўрганиш – илмий, амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Чунки унинг асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-онага нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга даъват қилади.