Исломнинг мақсади – инсон саодатини таъминлаш
Ислом таълимотлари, шариат аҳкомлари инсоннинг мукаммал бахт-саодатга эришишига қаратилган. Ислом уммати салкам ўн беш асрдан буён “Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат” деган тушунча билан яшаб келади.
Дарҳақиқат, динимиз инсониятни тинч-хотиржам, хавфу хатарсиз, соғлом ҳолда ҳаёт кечиришига хизмат қилувчи амалларга буюрган ва қайтариқлардан огоҳлантирган.
Диннинг яна бир мақсади Ер юзини обод қилиш, хароб бўлишидан асраш ҳамдир. Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратиб, унинг зиммасига она заминимизни обод қилишни юклади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:
“У сизларни ердан пайдо этиб, сизларни уни обод этувчи қилди” (Ҳуд сураси, 61-оят).
Ер обод бўлиши учун инсонлар тинчликда, ҳалол касбу кор қилиб, адолатга амал қилган ҳолда ҳаёт кечиришлари зарур. Шунда ободлик бўлади.
Динимиз мана шундай олий мақсадларга буюради. Шу сабабдан ҳам Исломни кенг тараннум қилиш зарур. Унинг таълимотларини ёйиш, ўрганиш ва татбиқ этиш лозим. Ислом таълимотини чуқур эгаллаган ва унга амал қилган халқнинг тинчлиги барқарор, турмуши фаровон бўлади.
Юртимизда Ислом дини таълимоти, диний манбалар, уламоларнинг ҳаёт ва ижодларини ўрганиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Юртдошларимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар юзага келтирилган, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда диний фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар соҳада янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз эзгулик ва инсонпарварлик анжуманларини ўзида қабул қиладиган манзилга айланиб бормоқда. Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, Исломни илм-маърифат, тинчлик дини сифатида намоён этган улуғ мутафаккирлар ватани экани бутун дунёга маълум.
Шундай буюк олимларнинг бой меросини чуқур ўрганиш, муборак динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйиш мақсадида, 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ушбу ташаббусга мувофиқ, 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Мазкур анжуманда исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, юртимизда кўзга кўринган илм-фан арбоблари билан бир қаторда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 80 дан ортиқ уламо ўз маърузалари билан иштирок этади.
Дарҳақиқат, Ислом тинчлик, ҳамжиҳатлик ва омонлик динидир. Муқаддас Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея хитоб қилиниши барча бирдек тинчлик-осойишталикни таъминлашга масъул эканини англатади.
Шу боис, нуфузли халқаро тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатларининг таниқли уламолари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этади.
Мазкур конференцияда бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали даврда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича маърузалар ўқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва бу йўналишда ҳамкорлик қилиш масалалари кенг муҳокама қилинади. Зеро, мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришилади.
Ана шу ғоя Қуръони карим оятларига ҳамоҳангдир:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси, 2-оят).
Ушбу илоҳий таълимот дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Бугунги безовта дунёнинг турли тарафларида нотинчликлар, турли низою жанжаллар авж олган бир пайтда хайрли мақсадларни ўз олдига қўйган, дунё халқларининг манфаатларига хизмат қиладиган ушбу анжуман муболағасиз Яратувчининг мазкур чақириғига ҳамоҳангдир. Зеро, ушбу анжуманда ер юзидаги жами халқлар, хоссатан, юртимиз аҳолиси учун ҳам манфаатли бўлган илмий таълимотлар олдинга сурилиб, уларнинг рўёбга чиқиши халқлар фаровонлиги учун хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида иймон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик Ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Ёқубжон домла МАНСУРОВ,
ЎМИнинг Cамарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби