УҲУД ТОҒИ ФАЗИЛАТИ
Зиёратчи Уҳуд тоғи ва Уҳуд шаҳидлари қабристонини зиёрат қилиши мустаҳаб ҳисобланади. Уҳуд шаҳидлари қабристони кичик қабристон бўлиб, у ерда Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларнинг қабрлари бор.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъ ва Уҳуд шаҳидлари ётган қабристонни тез-тез зиёрат қилиб турардилар.
Бу қабристонда қилинадиган амаллар тартиби Бақиъ қабристонидаги кабидир. Уҳуд тоғи фазилатига келсак, бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд тоғига қараб: “Дарҳақиқат,Уҳуд бизни, биз уни яхши кўрадиган тоғдир”, дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд тоғини яхши кўрардилар. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғида юрганларида унинг шавқи келиб қимирлади. Шунда ул зот оёқлари билан тоғни тепиб: “Сокин бўл, эй Уҳуд!” дедилар», дейилган.
Суҳайлийнинг ривоятида айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли фаъл (яхшиликка йўйиб қўйиш) ва чиройли исмларни яхши кўрар эдилар. “Аҳадийя” калимасидан ясалган исм (Уҳуд)дан чиройли исм йўқ. “Уҳуд” сўзидаги ҳаракатлар (ҳарфнинг ости ва устига қўйиладиган белгилар) рафъдир. Рафъ (биздаги “у” ҳарфига тўғри келади) сўзи кўтариш, юксалтириш маъноларини англатади. Шу лафздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳаднинг дини қадри баланд кўтарилиши, олийликка юксалишини ҳис қилардилар. Шунинг учун унга бўлган муҳаббатлари ҳам сўзда, ҳам маънода боғланган эди.
Демак, биз ҳам юқорида айтилганлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, қўлдан келганча ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим. Биз ҳам ҳар доим азиз инсонлар ва қадрли нарсаларни яхши кўришимиз даркор. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчамизга ўрнак – намунадирлар.
Китоб номи: “Умра – улуғ амал”
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov» НМИУ
Сана: 2023 йил
Ҳажми: 272 бет
ISBN: 978-9943-12-684-8
Ўлчами: 60х84 1/32
Муқоваси: юмшоқ
http://hidoyatuz.taplink.ws