Дунё масжидлари. “Баня боши” жомеси
София шаҳрида фаолият юритадиган ягона масжид “Баня боши” деб аталади. Яна уни “Мулла афанди” ёки “Қози Сайфуллоҳ” ҳам дейдилар. Негаки, мазкур масжид барпо этилиши ташаббускори ва ҳомийси Қози Сайфуллоҳ афанди деган мулла киши бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, Болгария пойтахтидаги ушбу масжид 1566-67 йилларда қурилган. Бундай тахмин қилинишининг сабаби арк устидаги тошда мусулмон тақвимига кўра, 974 йил санаси билан ўқиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган қандайдир ёзув бор.
Масжидни машҳур усмоний меъмори Хожа Меъмор Синан қурган. У бир неча аввал Софияда халқ орасида “Қора масжид” деб аталадиган “Етти авлиё” черкови биносини ҳам қурганди. Черковнинг нега бундай дейилишининг боиси у илгари айнан меъмор Синон тарафидан масжид сифатида қурилганди ва кейинчалик шароит тақозоси билан черковга айлантирилганди.
“Баня боши” масжидида бир вақтнинг ўзида 700га яқин киши намоз ўқий олади. Аслида Софияда истиқомат қиладиган мусулмонлар сони 30 000дан кўп. Аммо кўпчилик масжидга чиқмасдан намозларини уйида қилади. Бироқ бош муфтий Софияда мусулмон ибодатхоналари ва марказларини қуришни талаб қилишда давом этмоқда ва мусулмонларни хуш кўрмайдиган болгарларнинг ёвқарашларини бартараф қилишга уриниб келмоқда. Аммо ҳали тайинли натижага эриша олгани йўқ. Болгарияда анъанага биноан мусулмонларни маълум сабабларга кўра ёқтирмайдилар. Хуллас, мусулмонлар ниманидир талаб қилмоқчи бўлса, София аҳолиси ўша заҳоти норозилик билдириб кўчаларга чиқади ва иш кўпинча можаро билан тугайди.
Масжид минорасига овоз кучайтиргич ўрнатилган ва намоз вақти кирганида муаззин чақирган азонни София марказининг барча аҳолиси эшитади. “Баня боши” сайёҳлик объекти, шунинг учун унга киришни истаганларнинг ҳаммасини эркин киритишади. Фақат аёллар танасининг очиқ жойларини бекитиб, бошига рўмол ташлаб олиши керак бўлади. Бунинг учун кираверишга катта рўмоллар илиб қўйилган. Шунингдек, киришдан олдин пойафзални ечиш талаб қилинади. Масжиднинг ичига чўғдек қип-қизил гилам тўшалган – яқинда иссиқ пол ҳам қилинди.
Масжиднинг “Баня” деб аталишининг сабаби у турк ҳаммомига яқин жойдан барпо этилгани бўлган. 1913 йилда шаҳарнинг янги жамоат ҳаммоми қурилганидан кейин турк ҳаммоми бузиб ташланган.
“Баня боши” София шаҳрининг қоқ марказидаги 14-Мария Луиза бульварида, Халита сайёҳлик бозорининг рўпарасида жойлашган. Масжиднинг орқасида Банский майдони ва София минерал ҳаммомлари жойлашган бўлиб, улар ҳозирда София тарихи музейига айлантирилган.
Қизиқарли
Болгария озод бўлганида Софияда баъзи манбаларга кўра, ўттизга яқин масжид бўлган, айрим маълумотларга кўра, ўша даврда 50-84тагача миноралар бош кўтариб, шаҳарга кўрк бериб турган. Шаҳар аҳолиси ичида юрадиган узунқулоқ гапларга қараганда, князь А.Дондуков-Корсаков муҳандисларга минорлар тагини миналаштиришни буюрган ва момақалдироқ бўлиб чақмоқ чаққанда халқнинг кўзини шамғалат қилиб, гўёки минораларни яшин ургандек беўхшов тус бериб ўша миналар портлатиб юборилган.
Дамин ЖУМАҚУЛ