ОМИНАНИНГ ВАФОТИ
Йўлга отланган келини ва неварасига Абдулмутталиб: “Боринглар, ўғлим Абдуллоҳнинг қабрини ҳам зиёрат қилиб келасизлар”,деб тайинлади. Омина садоқатли жорияси Умму Айман ва ёш ўғлини етаклаганча карвонга қўшилиб, Ясрибга қараб кетишди.
Меҳмонларни қариндошлари ва яқинлари илиқ кутиб олишди. Айниқса, ҳамма Оминанинг ўғлига ажабланиб қарар, гўзал юзи ва муаттар ифоридан ҳайратланарди. Одамлар кўчаларда бир-бирларига: “Маккадан келган болани кўрдингизми, бунчалар ҳам чиройли бўлмаса, ҳидларини айтмайсизми!” дейишарди. Лекин ҳеч ким мана шу жажжи гўдак сабаб келажакда Ясриб деб аталган бу Мадинаи мунаввара бир кун келиб қиёматга қадар бутун мусулмонларнинг суюкли шаҳрига айланишини билмас эди.
Тенгқурлари сувда маза қилиб чўмилаётганини кўрган ёш Муҳаммад ҳам ечиниб, сувга тушади. Болалар бир зумда унинг атрофини ўраб олишди. Бундан Умму Айман хавотирланиб югуриб келди. Болалар ёш Муҳаммаднинг муборак кураги орасидаги “Муҳри нубувват”, яъни пайғамбарлик муҳрига ҳайрон бўлиб қараб туришарди.
Умму Айман тезлик билан болани сувдан олиб чиқиб кийинтирди. Бу пайтда Омина Ясрибнинг бир чеккасида дафн қилинган Абдуллоҳнинг қабри бошида эди. Бир неча йиллардан бери ичида сақлаб кёлган кўзёшларини тўкди. Ўғил кўрганини, исмини Муҳаммад қўйганини айтиб, тўйиб-тўйиб йиғлади.
Шундан сунг яна бир неча кун туриб Маккага қайтадиган бўлишди. Ҳамма билан хушлашишди. Айниқса, нур юзли гўдак билан хайрлашиш қийин кечди. Чунки унинг муаттар бўйларига жуда ўрганиб қолишганди.
Йўлга чиқишди. Макка билан Мадина ора сидаги Абво деган жойга келганда Омина хасталанди. Бошидан шунча қийинчиликларни ўтказган, яккаю ёлғиз фарзандидан бир неча йил айро яшаган муштипар аёлни безгак тутган эди. Умму Айман ҳар томонга югуриб одамлардан ёрдам сўради. Лекин Омина ҳам, жорияси ҳам бир ҳақиқатни билишмасди – Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбарнинг етимликда катта бўлишларини тақдирда битиб қўйилганди.
Бугун кичкина Муҳаммад ана шундай имтиҳонларни бошдан кечираётган эди. Жон беришини сезган Омина кўзлари намланиб турган ўғлини ёнига чақирди.
Жажжи гўдак унча-бунча одам ҳам тоқат қилолмайдиган синов олдида эди. Ҳаммамиз ҳам қанчадан-қанча қийинчилик, мусибатларга сабр қиламиз. Лекин аччиқ ҳақиқатни ҳар бир инсон тан олиб айтадики, дунёдаги имтиҳонларнинг энг оғири, мусибатларнинг улкани онаси жон бераётганида қараб туришдир. Буни фақат бошидан ўтказганлар билади. Она жон таслим қилса-ю, лекин фарзанднинг қўлидан термилиб туришдан бошқа иш келмаса, бундан ҳам оғир мусибат борми? Энг кучли паҳлавонларни ҳам йиқитадиган оғир синов эмасми бу?!
Ёш Муҳаммад оналари олдига келиб, чўкка тушиб ўтирди. Умму Айман айтади: «Омина охирги марта фарзандини бағрига босиб: “Болам, хафа бўлма, дунёга келиб отангни кўрмадинг, энди онасиз улғаясан. Агар кўрган тушларим рост бўлса, сен бутун оламларнинг саййиди бўласан. Охирги марта жаннатий бўйларингдан ҳидлай”, деди. Бўйинларидан ҳидлаган ҳолатда қўллари бемажол ерга тушди. Онаизор омонатини топширди. Дунёдаги энг гўзал кўзлар – Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўзлари ёшланди. Гўдаклик вақтларидан бошланган бу кўз ёшлар ҳаётлари давомида бир-бирига уланиб кетаверади. Боболари вафот этганида… кейинчалик пайғамбар бўлганларида, уммат учун азият чекканларида… Фотима онамиздан ташқари бирма-бир ҳамма фарзандларини қабрга қўйганларида… амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳудан, Хадича онамиз розияллоҳу анҳодан ажралганларида…
Умму Айман ҳам бу мусибатдан, боланинг етим қолганидан қаттиқ маҳзун бўлди. Улар Оминани дафн қилиб, йўлда давом этдилар.
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан
Муаллиф: Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov»
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 216 бет
ISBN: 978-9943-12-674-9
Ўлчами: 84х108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
Нархи: 30000 сўм