Ҳомиласи билиниб қолган эди…
Хизмат мобайнида кўп хонадонларга турли ҳолатлар юзасидан боришимизга тўғри келади. Афсус, айрим лоқайд ота-оналар фарзандлари тарбиясига совуққонлик билан қарашади. Илм олишида, ҳунар ўрганишида, бирор касбнинг бошини тутишида эътиборсиз бўладилар. Айниқса, қизлар борасида “Турмуш қурса, ўрганиб олади”, деб ўйлайдиганлар бор. Ҳолбуки, ҳали уларнинг кўплари ҳаётга тайёр эмаслиги боис ажримлар ёш оилалар ўртасида кўп кузатиляпти. Оила қуришда йигит ва қиз никоҳ ёшига етган, маънан, жисмонан соғлом бўлиши жуда муҳим. Тиббий кўрикдан ўтмай турмуш қуриш, вояга етмаганларнинг никоҳланиши ортидан ногирон болалар туғилиши кўпаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида эркак ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш деб кўрсатилган. Никоҳ, аввало, фарзанд кўришдек мураккаб физиологик жараёндир. Эрта турмуш қуриш эса пуштсизликка ёки боланинг ой-куни етмай туғилишига, ҳомиланинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Никоҳдан олдин эса икки томон ҳам тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бу соғлом оила барпо бўлишида катта омилдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”, деб марҳамат қилган (Рум сураси, 21-оят).
Албатта, икки жуфтдан бир оила пайдо бўлса, битта оила эса жамиятнинг бир бўғини ҳисобланади. Аммо эрта никоҳда ёш йигит-қизнинг бус-бутун оила қуриб кетиши қийин масала. Бу ажримларнинг кўпайишига, оилалар парокандалигига сабаб бўлмоқда, холос. Туманимиздаги мактабларга бориб, юқори синф ўқувчилари билан турли мавзуларда суҳбатлар қилиб турамиз. Уларга ўқувчиларнинг айни дамдаги бурчи яхши ўқиш экани, Ватанга муносиб ўғил-қиз бўлишлари кераклигини ҳаётий мисоллар ёрдамида уқтирамиз.
Яқинда мактабларнинг бирида содир бўлган воқеа барчамизга ибрат бўлди. 9-синфда ўқийдиган қиз ва 10-синф ўқувчиси бўлган йигит жуда эрта турмуш қуришга мажбур бўлишди. Ота-оналари кичикроқ тўй қилиб ўтказишди. Уларнинг мактабга келишлари ҳам чекланди. Чунки қизнинг ҳомиладорлиги анча билиниб қолган эди. Тенгдошларига салбий таъсир қилмасин, дейишди. Аслида, ҳозир улар илм олиш билан банд бўлишлари керак эмасмиди?
Айни ўйнаб-куладиган, билимларини оширадиган пайтида ёшгина ота-она бўлиб бола боқишади! Ахир фарзанд тарбияси масъулиятли иш-ку! Қилмишлари боис шаънларига ҳам яхши гап бўлмади. Балоғатга етмаганлар оила масъулиятини қаердан ҳам билади? Чунки эр оила боқишга, она фарзанд тарбия қилишга қодир бўлиши керак.
Барчамиз авлодларимиз соғлом вояга етишини ва яхши яшашини истаймиз. Бола саломатлиги кўпинча онага боғлиқ. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Миллат соғлом бўлсин ва равнақ топсин, десак, фарзандларимиз саломатлигига ва билимига алоҳида эътибор беришимиз лозим. Бунинг учун эрта никоҳнинг олдини олиш зарур.
Раънохон ФАЙЗИЕВА,
Паркент тумани
«Марказий» маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журнали, 3-сон, 2024 йил