Ал-Азҳар олими интернетдаги ўзгартирилган Қуръон версиялари ҳақида огоҳлантирди
Мисрдаги Ал-Азҳар уламоларидан бири Абд ал-Азҳарий интернетда таҳрифланган (бузиб талқин қилинган) Қуръон версияларининг мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди.
IQNA ахборот агентлиги “Халиджиюн” нашрига таяниб хабар беришича, Абд ал-Азҳарий телевизион чиқишида интернетда тарқалаётган айрим Қуръон версияларида оятлар таҳрифланганини таъкидлади ва Қуръон ўқиш учун фойдаланиладиган иловалар манбасини текшириш зарурлигини уқтирди.
Ал-Азҳар олими шунингдек, Қуръони каримнинг асл тўғри нусхаларини асраш мақсадида, фақат Ал-Азҳар билан боғлиқ тасдиқланган гуруҳлар томонидан маъқулланган иловаларни юклаб олиш муҳимлигини таъкидлади. У шундай деди: “Тарих давомида Қуръонни таҳрифдан ҳимоя қилиш учун кўп ҳаракатлар қилинган”.
Абд ал-Азҳарий айрим иловаларда исломий шариатга зид фатволар таклиф қилинаётганини қайд этиб, мисрликларни фатволарни олишда расмий манбалаларга таяниб, ишончли сайтлардан фойдаланишга чақирди.
Шунингдек, у диний масалалар бўйича маълумот олишда сунъий интеллектдан фойдаланиш хавфига ҳам тўхталиб, бундай технологиялар орқали олинган фатволар ва диний маълумотлар ишончли эмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, фатво бериш мутахассисликни талаб қилади ва у ҳар бир инсоннинг ҳолати ва шароитига боғлиқ равишда чиқарилади.
Абд ал-Азҳарий фатволарни интернет қидирув тизимлари ёки ижтимоий тармоқлар орқали эмас, балки расмий диний манбалар орқали олиш кераклигини таъкидлади. У барча мусулмонларни Қуръон оятларининг дахлсизлигини сақлаш ва диний маълумотларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун расмий ташкилотларга мурожаат қилишга чақирди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.