Қўшнининг ҳаққи…
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг, шўрванинг сувини кўпайтир-да, қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам тақсимлаб бер”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Рисолат опа шаҳарлик келинига: “Бироз масаллиқ қўшсангиз, қўшниларга ҳам етади”, деди. Келини ҳайратланиб: «Ойижон, ҳозир қўшнига овқат олиб чиқилмайди-ку! Олиб чиқсак, “Баддуо қилинганми?”, “Бу қандай тайёрланган?” деб шубҳаланиб, тўкиб ташламайдими?» деди.
Опа шаҳарлик келинига бу яхши амаллардан экани, тайёрланган таомда қўшнининг ҳақи борлигини тушунтирди. Келин таомни қўшнига олиб чиқди. Қўшни мамнуният билан қабул қилиб, идишига ширинлик солиб қайтарди.
Авваллари қўшнилар бир-бирларига таом улашар, тансиқ овқат тайёрлашса, ҳамсоясини ҳам эсидан чиқармасди. Айрим жойларда ушбу анъана сақланиб қолган бўлса-да, афсус, бу урфимиз унутилиб боряпти.
Аммо биз бунга йўл қўймаслигимиз керак. Қўшни ҳақига, қўшничилик анъаналарига риоя қилсак, ёмон қўшнига одобимиз билан намуна бўлсак, уларнинг яхши томонга ўзгариб, ҳаммамиз киришли-чиқишли бўламиз, иншоаллоҳ.
Нурсора ҒАЙРАТОВА
“Мўминалар”, 4-сон, 2024 йил