У вақтда кеч қолишингиз мумкин…
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг уч қизи бўлса ёки уч синглиси бўлса ёхуд икки қизи ё икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбати (таълим-тарбияси)ни яхши қилган ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Аёлнинг энг гўзал фазилати солиҳалиги, оқилалигидир. Оқила бўлишнинг пойдевори эса қизалоқлик пайтидан шакллана бошлайди. Шу боис динимизда қиз бола таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади.
Уламоларимиз агар оилада ўғил ҳам, қиз ҳам бўлиб, оила бошлиғи улардан фақат бирини ўқитишга қурби етса, қизини ўқитсин, дейишган. Чунки ўғилни ўқитиш шахсни ўқитиш, қизга таълим бериш жамиятга таълим беришдир.
Ота-боболаримиз, момоларимиз қиз бола тарбиясига бефарқ бўлишмаган. Алломалар, машойихлар бу борада махсус рисолалар ёзишган.
Садриддин Айний ўзининг 1924 йилда чоп этган «Қиз бола ёхуд Холида» китобида қизлар тарбиясига доир фикрларини шарқона урф-одатлар, удумлар, ахлоқ ва одоб мезонлари доирасида баён қилган. Бугунги кунда ҳам мазкур мавзуда китоблар кўп. Демак, бу масала долзарблигича қолмоқда. Ахборотлар ёмғири остида яшаётган қизларимиз сабоқни номақбул ижтимоий тармоқлардан олишлари мумкинлигидан хавотирдамиз.
Бугунги қизларнинг қўлида бутун жаҳон тармоқларига уланган телефон, хонадонларда кўпканалли телевизорлар бор. Улар қабул қилаётган маълумотларни назорат қилиш, шарҳлаб оқини оқ, қорасини қора, дея англатиш мушкул. Шундай экан, болаларни бошидан, қизларимизни ёшлигидан ҳаё -ибо, ахлоқ-одоб муҳофазасида тарбиялашимиз лозим. Тараққиёт бераётган имконлардан тўғри, оқилона фойдаланишга ўргатиш биринчи галдаги иш.
Маълумки, маълум жиҳатлардан намунали, орзусидаги сиймоларни қизларимиз ўзларига намуна сифатида танлай бошлайди, уларга ўхшашга интилади. Митти қизалоқларнинг танлаган намунаси кўпинча онаси бўлади. Жажжи қизалоқ ҳар соҳада онасига тақлид қилишга интилади. У қилган ишларни бажаришга, у гапирган гапларни такрорлашга уринади. Ҳатто яширинча онасининг кўйлаклари, оёқ кийимларини кийиб, тақинчоқларини тақиб, ўзини ойнага солади.
Қиз ўстираётган ҳар бир она хулқига, либосига эътиборли бўлиши керак. Рўзғор тутумлари, муомала маданиятини онасидан андоза олган қизимизга танбеҳ беришдан аввал ўзимизга холис, танқидий назар солайлик. Эрта тонгда уйғониб, остонамизни тозалаяпмизми? Оилада оқила рафиқа, солиҳа аёл, меҳрибон она бўлолдикми? Мен қиз тарбиялаб вояга етказган, набирасини турмушга узатган, талабақизларга таҳсил берган бир она сифатида айтаман, қизингиз билан сирдош, дўст бўлинг. Бугун улардан қизғанган вақтингизни эртага ҳар нарсани эваз бериб ҳам тополмайсиз. Энг ёмони эса ўшанда кеч бўлиши мумкинлигидир.
Мунаввара ЁҚУББЕКОВА,
филология фанлари доктори
“Мўминалар” журнали, 5-сон, 2024 йил