Саудия Арабистони хорижлик мутахассисларни таклиф қилмоқда
Саудия Арабистони техник соҳадаги 685 та хорижлик мутахассис ва олимга махсус яшаш рухсатномасини берди. Бу ҳақда ўтган сешанба куни мамлакатнинг Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги хабар берди, деб ёзади, “Arab News” нашри. Узоқ муддатли ВНЖ (яъни, вақтинчалик яшашга рухсатнома) мутахассисларни Саудияга жалб қилишга қаратилган махсус дастур доирасида тақдим этилмоқда.
Рухсатнома олганларнинг 16 фоизини 5G технологиялари бўйича мутахассислар, 15 фоизини кўнгилли хизматлар бўйича экспертлар, 12 фоизини эса сунъий интеллект соҳасидаги мутахассислар ташкил этди.
“Islam News” маълумотларига кўра, хорижлик мутахассисларни жалб қилиш соғлиқни сақлаш, таълим ва рақамли технологияларнинг ривожланишини тезлаштиришга хизмат қилади. Дастур доирасида АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Германия, Бразилия, Ҳиндистон, Покистон ва Миср фуқароларига Саудия Арабистонида яшаш ва ишлаш учун вақтинчалик яшашга рухсатномасини олиш имконияти яратилди.
Махсус ВНЖ компьютер технологиялари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассисларга мамлакатда 5 йилгача яшаш ва ишлаш имкониятини беради. Уларнинг даромадига қараб муддат белгиланади. Шунингдек, уларга оила аъзоларини олиб келиш, бизнес бошлаш ва кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.