Тунисда “Қуръон ўзгалар нигоҳида” кўргазмаси ташкил этилди
Тунис Миллий кутубхонасида Миллий мерос маркази ва Замонавий Марокаш тадқиқот институти ҳамкорлигида “Қуръон ўзгалар нигоҳида” номли кўргазма ташкил этилди.
“IQNA” сайтининг Тунис ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, кўргазма Қуръоннинг Европа фалсафаси, диний ва маданий фикрига таъсирини ўрганишга қаратилган бўлиб, у 30 апрелга қадар давом этади.
Кўргазмада Тунис муассасалари ва дунёнинг турли музейларидан жамланган 80 дан ортиқ ноёб қўлёзма ва Қуръони каримга оид ҳужжатлар намойиш этилмоқда.
Ушбу кўргазма Қуръоннинг Европа илмий тадқиқотлари ҳамда маданий-интеллектуал баҳсларда қандай ўрганилгани ҳақидаги янги қарашни ҳавола этади. Кўргазма интерактив экранлар, рақамли хариталар ва видеолавҳалар ёрдамида замонавий технологиялар орқали ташриф буюрувчиларга визуал ва тарихий тажриба тақдим қилади.
Тунис Миллий кутубхонаси директори Холид Кашир Тунис – Африка агентлигига берган интервьюсида:
“Ушбу кўргазма шарқ ва ғарб чегараларидан ташқарига чиқадиган хабарни етказади. У ислом ва Европа ўртасидаги маданий алоқаларни намойиш этишни ўз олдига мақсад қилган”.
Унинг қўшимча қилишича, бу 2019 йилда Европа тадқиқотлар кенгаши молиявий кўмаги билан бошланган лойиҳа бўлиб, Европа Иттифоқининг маданий ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам саналади. Кўргазма Қуръон ва исломий қўлёзмаларнинг Араб Мағриби (Шимолий ва Шимолий-Ғарбий Африкадаги беш давлат) ва Европа ўртасида қандай тарқалганини намойиш этади. Шунингдек, кўргазма фаолиятидан Европа ўрта асрлар ва янги даврда Қуръон атрофидаги интеллектуал муҳокамаларни акс эттирадиган тарихий ҳужжатлар тақдим этилган.
Тунисдаги ушбу кўргазма фақат тарихий ҳужжатларни кўрсатиш билан чекланиб қолмай, балки Қуръоннинг Европа маданиятидаги ўрни ва Европа фалсафаси ҳамда интеллектуал мунозараларидаги роли ҳақидаги саволларга чуқурроқ жавоб излашга йўналтирилган. Бу айниқса Қуръони карим маънолари изоҳли таржималари тарқалиши ортидан янги даврда янада долзарб аҳамият касб этган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.