Ал-Азҳар Қуръон ёзиш лойиҳасини якунлаш арафасида
Ал-Азҳар раҳбарияти Қуръони каримни ёзиш бўйича махсус лойиҳа якунланиш босқичида эканини ва унга доир ишларнинг катта қисми бажарилганини маълум қилди. IQNA ахборот агентлиги “Al Shorouk” нашрига таяниб хабар беришича, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари муовини Муҳаммад аз-Завиний ушбу ташаббус ҳақида Ал-Азҳар масжидида ўтказилган учинчи араб хаттотлиги ва исломий рассомчилик йиғилишида маълум қилган.
Муҳаммад аз-Завинийнинг сўзларига кўра, Қуръони каримни ёзиш учун Мисрдаги энг маҳоратли хаттот ва тазҳиб усталарини танлаш мақсадида танлов ўтказилган. Натижада уч нафар хаттот ва олти нафар тазҳибчи финалга чиқиб, уларнинг ҳар бири Қуръоннинг бир жузини ёзган.
Танлов натижасида Маҳмуд ас-Саҳлий ғолиб деб топилиб, Ал-Азҳар Қуръонини ёзиш шарафи унга берилган. Лойиҳа якунланганидан сўнг, Ал-Азҳар ўзининг махсус Қуръон нусхасига эга бўлади.
Муҳаммад аз-Завиний ҳозирги вақтда Ал-Азҳар масжидида ўтказилаётган семинарда танлов финалчилари томонидан ёзилган Қуръон саҳифалари алоҳида кўргазма сифатида намойиш этилаётганини таъкидлади. Семинар доирасида Қуръонни ёзиш тарихи, ислом санъати ва Ал-Азҳарнинг исломий меросни сақлашдаги роли ҳақида маҳорат дарслари ва мунозаралар ҳам ўтказилади.
Аз-Завиний шундай деди: “Мусулмонлар азалдан Қуръонни ёзиш, уни безаш ва ҳашамдор қилиб тайёрлашга катта аҳамият берганлар. Хаттотлик санъати нафақат Қуръон, балки мусулмон олим ва тадқиқотчилар томонидан ёзилган илмий қўлёзмаларни ёзишда ҳам муҳим ўрин тутган”.
Шу йилнинг 16 февралида бошланган учинчи араб хаттотлиги ва исломий рассомчилик семинари Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Таййиб раҳбарлигида ташкил этилган бўлиб, унда Ал-Азҳар уламолари ва араб-ислом хаттотлиги усталари иштирок этмоқда. Семинар 25 февралга қадар давом этади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.