ИСЛОМИЙ МУЛОҚОТ АНЖУМАНИ ҲАМЖИҲАТЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этаётган Манама шаҳридаги нуфузли халқаро анжуман муҳим мавзулар муҳокамаси билан давом этмоқда. “Бир уммат – ягона тақдир” шиори остида ўтказилаётган тадбирда нотиқлар халқлар бирлигини мустаҳкамлаш ва уламолар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, турли миллат-элатлар ўртасида аҳилликни тарғиб қилиш, адоват ва фитнага йўл қўймаслик, ўзаро ҳурматни ривожлантиришга катта эътибор қаратдилар.
Уламолар ана шундай муқолотлар тинчлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликка эришишнинг энг самарали воситаси экани, янгидан-янги ҳамкорликларга йўл очиш, бағрикенглик ва тинчликни кенг тарғиб қилишга урғу бердилар. Шунингдек, миллатлар орасида фитна чиқармаслик, адашган тоифаларнинг нафратни қўзғатувчи чиқишлари ва турли низоларидан сақланиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад ибн Исо Ол Халифанинг анжуман иштирокчиларини қабул маросимида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам қатнашдилар. Унда исломий мулоқот йўналишида ўтказилаётган анжуманнинг тинчлик ва бирдамлик йўлидаги аҳамияти юқори баҳоланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари анжуман доирасида Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Карачи Ислом университети профессори, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний каби бир қатор уламо ва арбоблар билан учрашдилар.
Мулоқотлар чоғида давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган эътиборлари натижасида диний идоралар ўртасидаги муносабатлар ривожланиб, халқлар ўртасидаги биродарлик янада мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларда Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувларда томонлар мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжини таъминлаш, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.