Ҳар бурчак орасталикдан дарак
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар: “Қоронғи тушса, болаларингизни ташқарига чиқишдан қайтаринг. Чунки у маҳалда шайтонлар тарқалади. Қоронғи тушганидан сўнг бирон соат ўтганидан кейин уларни ўз ҳолига қўйинг. (Ётар маҳалда) Аллоҳ исмини зикр қилиб, эшигингизни беркитинг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, чироғингизни ўчиринг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, мешингиз оғзини боғланг ва Аллоҳ исмини зикр қилиб, идишингиз устини ёпинг. Ҳеч нарса топа олмасангиз, идиш устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, шундай қилинг” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Эшигингни беркит. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Мўмин ва мўминалар амал қилиши керак бўлган ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикрини унутмаслиги лозим.
Кечқурун ётишдан аввал эшикни беркитиб қўйишда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиш керак. Эшикни беркитиш кўпгина нохушликлардан сақланишга сабаб бўлади.
“Чироғингни ўчир. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Ушбу набавий амрга амал қилган ҳолда мўмин ва мўминалар кечқурун чироғини ўчириб ётиши лозим. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда кўнгилсизликлар бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда кечаси билан ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етади. Исрофга йўл қўйилади.
“Идишнинг устини ёп. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Демак, озиқ-овқат ва ичимликлар турадиган идишларнинг устини ёпиб юриш керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни алоҳида таъкидлаб: “Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин”, демоқдалар. Уламолар ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида “Чўп сабаб бўлади, холос. Ҳимояланишни Аллоҳ юзага чиқаради”, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, идишининг устини ёпиб юрганлар суюқ ва қуюқ таомларига, ичимликларига турли ҳаром-хариш, зарарли, шубҳали нарсалар тушиб қолишининг олдини олади.
“Мешингни боғла. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Бу ерда таом сақланадиган меш, қоп, саноч сингари идишларнинг оғзини боғлаб қўйиш кераклиги ҳақида гап кетмоқда. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ишларнинг барчасини Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Ҳа, доимо Аллоҳни зикр қилиш лозим. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: “Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас” (Имом Бухорий ривояти).
Агар Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, қанчалик беркитилган билан барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олади. Беканинг саранжом-саришталигию орасталиги ҳақида уйнинг ҳар бир бурчаги дарак бериб туради. Айниқса, аёлларимизнинг энг кўп вақт ажратадиган жойлари ошхона ҳисобланади. Уйдаги баракотнинг бардавом бўлиши аёлнинг тутумига боғлиқ.
Шариатимизда аёллар рўзғорларини ораста тутишларига доир бир қанча одоблар бор. Рўзғор тутиш, таомланиш, меҳмон кутиш, хонадон саришталиги шулар жумласидан.
Бекажонларимиз барча жамланиб, таомланадиган ошхонада шариатга мувофиқ бир нечта қоидани ўзларига лозим тутиб, риоя қилиб борсалар, жажжи фарзандларига ҳам намуна, ҳам устоз бўладилар.
Нилуфар АҲАД қизи,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқув-услубий бўлими бошлиғи
“Мўминаналар”, 5-сон, 2024 йил