Мисрда Рамазон ойи олдидан масжидларни ободонлаштириш фаолияти бошланди
IQNA – Миср Вақфлар вазирлиги мамлакат бўйлаб масжидларни ободонлаштириш ва озодаликка келтириш бўйича махсус кампания ўз фаолиятини бошлаганини маълум қилди.“IQNA” сайтининг “Sada El Balad” манбасига асосланиб хабар беришича, бу кампания Миср Вақфлари вазири Осама ал-Азҳарий раҳбарлигида олиб борилмоқда. Унинг мақсади – Рамазон ойида масжидларга келадиган намозхонлар учун қулай муҳит яратиш ва ибодатга тайёргарлик кўришдир.
Кампания доирасида Мисрнинг турли вилоятларидаги масжидларда таъмирлаш, қайта тиклаш ва тўлиқ тозалаш ишлари олиб борилади. Бу ташаббус Вақфлар вазирлигининг Рамазон ойига тайёргарликка бўлган масъулиятини намоён этади.
Мисрнинг турли вилоятларидаги вақф идоралари ҳам бу ташаббусда фаол иштирок этмоқда. Кампания давомида масжидларни тозалаш, янги гиламлар ёйиш, безаш ва ёритиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг асосий мақсади Рамазон ойи учун маънавий муҳит яратишдир.
Кампанияда кўнгиллилар ва масжид имомлари ҳам иштирок этмоқда, бу эса жамиятда ҳамкорлик ва жамоавий ҳаракат руҳини мустаҳкамлаётганини кўрсатади.
Шунингдек, Миср Вақфлар вазирлиги масжидларни тозалаш ва тиклаш ишлари Рамазондан кейин ҳам давом эттирилишини эълон қилди. Бу билан ибодатхоналар йил давомида пок ва хавфсиз муҳитда бўлиши таъминланади.
Вазирлик барча намозхонларни Аллоҳ уйларини пок сақлашга ва Рамазон ойидаги маънавий тадбирларда фаол қатнашишга чақирди. Шундай қилиб, масжидлар ҳидоят нури ва хотиржамлик манбаи бўлиб қолиши лозимлиги таъкидланди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.