Саудия Арабистонида Муҳаммад ал-Хоразмий меросига бағишланган тадбир ўтказилди
Ар-Риёд шаҳрида Фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика фестивали доирасида буюк математик, астроном ва географик олим Муҳаммад ал-Хоразмий меросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу етук аллома VIII аср охири – IX асрнинг биринчи ярмида яшаб, фан тараққиётига катта ҳисса қўшган олимлардан бири саналади.
Бизга ҳамкорлик қилаётган “SPA” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ушбу тадбир Саудия Арабистони подшоси Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳазрати олийлари томонидан мамлакатда фан ва инновацияни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида ташкил этилган.
Манбага кўра, астрономия, геодезия ва геометрия каби фанларни ўрганиш қурилиш, савдо, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Қадимги олимлар бу фанларнинг амалий аҳамиятини англаб етганлар ва Муҳаммад ал-Хоразмий бу йўналишдаги энг илғор ва буюк олимлардан бири бўлган.
Тадқиқотда таъкидланишича, ал-Хоразмий алгебранинг асосчиларидан бири бўлиб, унинг “Ал-китаб ал-мухтасар фил ҳисаб ал-жабр ва ал-муқобала” асари “алгебра” сўзининг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Олимнинг илмий ишлари ҳинд рақамлари асосида ёзилган бўлиб, бу Европада ўнлик позицион тизимнинг тарқалишига олиб келган ва бугунги кунда ҳам фойдаланилаётган ҳисоб тизимини шакллантирган.
Шунингдек, тадбирда Муҳаммад ал-Хоразмийнинг Бағдоддаги илмий марказ – “Байт ул-Ҳикма” фаолиятини яхшилашга қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, алломага тегишли 20 дан ортиқ асарлар мавжуд бўлиб, улардан фақат 10 таси бизгача етиб келган.
Тадбирнинг асосий мақсади – талабаларни илҳомлантириш, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг математика, алгебра ва алгоритмлар соҳасидаги ютуқларини намойиш қилиш, улар орқали замонавий илмий-техник тараққиётга пойдевор яратилганини кўрсатишдир, – деб ёзади муаллиф.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.