Мусулмон уламолар кенгаши фаластинликларни кўчириб юборишга қарши эканини маълум қилади
IQNA – Мусулмон уламолар кенгаши фаластинликларни кўчириб юбориш ва фаластин мафкурасини тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарши эканлигини билдирди.
“IQNA” сайтининг “Youm7” нашрига таяниб хабар беришича, Мусулмон уламолар кенгаши Баҳрайн пойтахти Манамада ўзининг XVIII йиғилишини ўтказди. Унда Ал-Азҳар шайхи ва Мусулмон уламолар кенгаши раиси, доктор Аҳмад ат-Таййиб бошчилик қилди ва унда кенгаш аъзолари қатнашди.
Ушбу махсус йиғилиш илк маротаба ташкил этилган бўлиб, унда қатнашиш учун дунё бўйлаб турли исломий ташкилотлардан танланган уламолар ва нуфузли шахслар таклиф қилинди. Анжуманда ислом уммати олдида турган муаммолар, айниқса, Фаластин масаласи муҳокама қилинди.
Иштирокчилар Фаластин муаммосига барҳам бериш мақсадида, фаластинликларни кўчириб юбориш бўйича барча уринишларни бир овоздан рад этиб, араб ва ислом мавқеи бу ҳаракатларга қарши эканлигини тасдиқладилар.
Шунингдек, улар мусулмон халқлари ўртасида бирликни мустаҳкамлаш ва Фаластин мафкурасига қарши қаратилган режаларга қарши курашиш зарурлигини таъкидладилар.
Анжуман иштирокчилари фаластин халқининг жасорати ва ўз юртини ҳимоя қилишдаги қаҳрамонликларини эътироф этиб, сионистик режимнинг қаттиқ ҳужумларига қарамай, уларнинг сабри ва матонатидан ҳайратда эканини маълум қилди. Шунингдек, бу умумий таҳдидларга қарши курашишнинг ягона йўли халқларнинг имкониятларини сафарбар қилиш эканлигига тўхталиб ўтди.
Иштирокчилар Баҳрайнда бўлиб ўтган исломий мулоқот анжумани натижаларини яна бир бор тасдиқлаб, исломий мулоқот соҳасида жамоавий ишлаш зарурлигини таъкидладилар ва бутун дунё бўйлаб барча исломий уюшмалар билан маслаҳат ва ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирдилар.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.