Саудия Арабистони Рамазон ойида масжидларда намоз вақтида суратга ва видеотасвирга олишни тақиқлайди
“IQNA” сайтининг “Gulf News” нашрига таяниб хабар қилишига кўра, Саудия Арабистони янги қоидаларни жорий қилди, унга кўра, муборак Рамазон ойида намоз вақтида масжидларда суратга ва видеотасвирга олиш ишлари тақиқланади.
Саудия ахборот агентлиги (SPA) маълумотига кўра, Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги шунингдек, намозни ҳеч қандай медиа платформаларда эфирга узатишни ман қилди.
Бу фармонда имомлар ва воизлар томонидан ушбу қоидаларга риоя қилиш зарурлиги таъкидланган, шунингдек, ибодат қилаётганлар томонидан диний нормаларга риоя қилиниши лозимлиги қайд этилган. Вазирлик таъкидлашича, бу чора-тадбирлар масжидларнинг муқаддаслигини ҳимоя қилиш ҳамда тинч-хотиржам ҳолатда диққатини жамлаган ҳолда ибодат қилиш муҳитини таъминлаш учун жорий этилмоқда.
Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий ишлари раҳбари, доктор Абдураҳмон ас-Судайс вазирликнинг муқаддас ойда хизмат ва дастурларни яхшилашга бўлган интилишини тасдиқлади.
Бундан ташқари, вазирлик Рамазон ойидаги оператив дастурларни рақамлаштиришни режалаштирмоқда, бу эса Умра зиёратчилари ва муқаддас жойларга ташриф буюрувчиларга қулайлик яратишга қаратилган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.