“Ammon Nеws”: Ўзбекистон “BBC Travel” нинг 2025 йил учун энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига кирди
Иорданиянинг “Ammon Nеws” газетасида “Ўзбекистон 2025 йилнинг энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига кирди” рукнидаги мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
“BBC Travel” глобал ахборот портали талқинига кўра, Ўзбекистон 2025 йил учун энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон сайёҳларни жалб қилиш мақсадида янги темир йўл линиялари, ички рейслар ва маданий объектларга фаол сармоя киритмоқда, бунинг натижасида мамлакат 2025 йилда сайёҳлик учун энг яхши 25 та йўналиш рўйхатидан жой олди.
“Ушбу йўналишлар БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, Халқаро барқарор туризм ташкилоти, Қора сайёҳлик алянси ва Бутунжаҳон сайёҳлик кенгаши каби етакчи сайёҳлик ташкилотлари билан ҳамкорликда танлаб олинган. Рўйхатга AҚШ, Канада, Япония, Италия, Aвстралия, Марокаш, Буюк Британия ва бошқа давлатлар киритилган. Улар орасида Ўзбекистон 16-ўринни эгаллади”, – дейилади нашрда.
Газетанинг ёзишича, 2025 йил сентабрь ойида Бухорода Ўзбекистонда биринчи халқаро замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналеси бўлиб ўтади. “Бошқа муҳим маданий янгиликлар қаторида портал машҳур меъмор Тадао Aндо томонидан лойиҳалаштирилган Давлат санъат музейи учун янги бино қурилиши, шунингдек, Романовлар саройининг таъмирланишини алоҳида таъкидлайди”, – дейилади мақолада.
“2024 йилнинг май ойидан бошлаб 90 дан ортиқ давлат, жумладан, Буюк Британия, Канада ва Aвстралия фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин. Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг яшил иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга бўлган садоқатини бирлаштириш учун глобал яшил туризм лабораториясини яратиш ниятида эканлигини маълум қилди. Қўшни давлатлар билан чегараларни кесиб ўтиш осонлашди”, – дейди “Ammon Nеws” газетаси.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.