Индонезияда фаластинликлар учун хайрия йиғиш кампанияси бошланди
Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги Рамазон ойида Ғазодаги фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида 200 миллион доллар миқдоридаги маблағни йиғиш бўйича кампания иш бошлаганини эълон қилди.
Расмий “Антара” ахборот агентлигининг хабар беришича, ушбу кампания Индонезия Уламолар Кенгаши ва Миллий закот агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ташқи ишлар вазирининг Ислом ишлари бўйича ўринбосари Анис Матанинг айтишича, кампания фаластинликлар учун 200 миллион доллар хайрия тўплашни мақсад қилган.
Ушбу ташаббус сўнгги уч ой давомида олиб борилган музокаралар натижасида шаклланган бўлиб, унда Фаластин халқига ёрдам тақсимлаш, ўт очишни тўхтатиш даврида тикланиш жараёнлари ва Индонезиянинг рамзий иштироки каби масалалар муҳокама қилинган.
Матанинг таъкидлашича, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳам ушбу кампанияда фаол қатнашиб, белгиланган миқдорга яқин хайрия йиғган.
Кампания фаолиятининг Рамазон ойининг биринчи кунидан, яъни март ойи бошларидан бошланиши режалаштирилган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.