Маҳялар Истанбул масжидлари осмонини ёритиб туради
Истанбул масжидлари Рамазон муносабати билан анъанавий ёруғ гирляндалар – маҳялар билан безатилди.
Маҳя – Рамазон ойи давомида масжид миноралари орасида махсус ёруғ ёзувлар ўрнатиш бўйича фаолият юритувчи турк ислом санъати. Бу анъананинг келиб чиқиши XVI асрга бориб тақалади. Одатда, махялар руҳий ва ахлоқий чақириқларни ўз ичига олган қисқа хабарларни ифодалайди. Улар биродарлик, оила, ибодат, рўза, дуо ва хайрия каби мавзуларни таъкидлайди.
Ая София масжиди, Эминуну ва Сулаймония масжидлари устидаги фазо байрамона чироқлар билан ёритилди. Улар миноралар орасида лампалардан иборат ёзувлар ва нақшлар билан безатилди. Бироқ Султон Аҳмад масжидида 1617 йилдан буён маҳя осиб келинаётган бўлса-да, бу йил таъмирлаш ишлари туфайли безаклар ўрнатилмайди.
Истанбул муфтийси, профессор Сафий Арпагушнинг таъкидлашича, махя ёзувлари шаҳар манзарасининг ажралмас қисми бўлиб, бу анъана фақат бир неча усталар орқали сақланиб қолинган. Илгари махялар арқонлар ёрдамида пухта бириктирилган мойли чироқлардан тайёрланган. Бугунги кунда эса уни ўрнатишда электр ёки LED чироқлар ишлатилади, бу эса уларни янада ёрқин ва ранг-баранг қилади.
“IslamNews” маълумотларига кўра, бу йил Истанбул масжидлари устидаги маҳялар ўрнатилиши Рамазоннинг муқаддаслиги, Қуръон тиловати, рўза тутиш ва бошқа савобли амалларни бажариш зарурлигини ифодалайди. Шунинг билан бирга маҳялар Рамазон кечаларида шаҳарга беқиёс гўзаллик ҳам бағишлайди.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.