Ожизаларнинг зўравонлиги кўпаймоқдами?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили берган маълумотларга кўра, 2023 йилда болаларга нисбатан турли шаклдаги зўравонлик ёки тазйиқ ўтказилиши билан боғлиқ 28 та мурожаат Болалар омбудсманига келиб тушган. Мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, мутасадди идораларга манзилли чора кўриш бўйича сўровлар юборилган.
– Кўп ҳолларда бола ҳуқуқлари бузилиши оилада содир бўлмоқда. Нотинч хонадонда улғайган боланинг дунёси остин-устун бўлади, ҳаётга, эртанги кунга, инсонларга ишончи сўнади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова. – Албатта, инсон ҳаётида турли мураккаб вазиятларга дуч келиши мумкин, лекин у қийинчиликлар аламини фарзандидан олиши ғирт аҳмоқликдир. Баъзи ота-оналар учун фарзанд “шахсий мулкка” айланиб қолгандек. Масалан, ўтган йили гул дўконида маст аёлнинг қизини ургани кенг муҳокамага сабаб бўлди. Тасаввур қилинг, бу она йиллар давомида уйида фарзандини қандай босим остида сақлаган?
Оналик лаёқати бўлмаган, зарарли одатларга ўрганган аёллар билан ишлаш, уларнинг фарзандларига соғлом муҳит яратиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, аёлларнинг эрига ёки бошқаларга жаҳл қилиб фарзандларини қўрқитиб, тан жароҳати етказиб, руҳий босим ўтказиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Ўтган йили кузда Урганч шаҳрида яшовчи она кичик ёшдаги уч нафар боласига шафқатсизларча ёқиб юбориш билан таҳдид қилгани, Наманган туманида 2013 йилда туғилган фарзандини аёвсиз калтаклаган она воқеаси ҳали ёдимизда. Уларга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, ишлари назоратга олинди.
Дунёни англаш, шахсий ривожланиш даври бола учун мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бўлади. Ижтимоий тармоқларда болаларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик тасвирлари учраб турибди. Ўтган йилнинг декабрида Қибрай туманида жойлашган “Лого билим” таълим маркази мураббийси 2019 йилда туғилган болага қўл кўтаргани сабаби ўрганилди. Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 217-мактаб директорининг 8-синф ўқувчисини ургани ҳам ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилди.
Бизга нафақат ота-оналардан, болаларнинг ўзидан ҳам мурожаатлар келади. Масалан, жорий йилнинг 3 апрель куни 2010 йилда туғилган Бўстонлиқ туманида яшовчи қиздан шикоят келиб тушди. У синфдошлари томонидан тазйиққа учраётгани, бунга мактаб маъмурияти ва бошқалар ҳам эътиборсиз эканини билдирган. Ўрганишлар натижасида тазйиқ ўтказганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий чора кўрилди.
Фарзанд тарбияси борасида айтилган кичик сўзнинг ҳам аҳамияти катта экани ҳақида ҳадислар бор. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: “Бери кел, бир нарса бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Нима бермоқчисан?” дедилар. “Мен унга хурмо бермоқчи эдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга ёлғон ёзилар эди”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривояти).
Камола АДАШБОЕВА
“Мўминалар”, 5-сон, 2024 йил