Саудия Aрабистонида бўлиб ўтган ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчилар халқаро кўргазмасида Ўзбекистон компаниялари иштирок этди
Саудия Aрабистонида бутун дунёдан ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларни бирлаштирган “Makkah Halal Food” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Тадбир доирасида Ўзбекистон элчихонаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Савдони ривожлантириш компанияси кўмагида “Made in Uzbekistan” ягона стенди ташкил этилиб, унда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Тадбирда 120 мамлакатдан 6000 дан ортиқ вакиллар, 300 дан ортиқ компаниялар иштирок этди ҳамда Саудия Aрабистони ва Форс кўрфази давлатларининг йирик савдо тармоқлари, сармоядорлари ва дистрибюторлари вакиллари билан 40 дан ортиқ панел муҳокамалари, B2B ва G2B учрашувлари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдаги Ўзбекистон делегацияси таркибида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида фаолият юритувчи 35 та етакчи компания иштирок этди. Миллий ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини намойиш этиб, Саудия Aрабистони ва Яқин Шарқдаги ҳамкорлар билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Саудия Aрабистони ва Форс кўрфази давлатларининг етакчи савдо тармоқлари ва дистрибюторлари вакиллари билан олиб борилган музокаралар Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштирокининг муҳим элементи бўлди, бу эса ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг экспорт имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш имконини берди.
Кўргазма якунлари бўйича Ўзбекистон компаниялари ўртасида 11,2 миллион долларлик шартномалар ва дастлабки келишувлар имзолангани Яқин Шарқ бозорида Ўзбекистон маҳсулотларига юқори қизиқиш мавжудлигини тасдиқлайди.
“Makkah Halal Food” халқаро кўргазмасида қатнашиш нафақат ўзбек товарларини оммалаштиришга хизмат қилади, балки Ўзбекистон билан ислом дунёси, хусусан, Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
Робия ДАМИН қизи,
ЎзДЖТУ талабаси