Ризқнинг торайиш сабаблари
Бир киши Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, ризқининг торлигидан шикоят қилди.
Али розияллоҳу анҳу:
– Эҳтимол, сен тўмтоқ қалам билан ёзарсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол, синиқ тароқ билан соч тарарсан? – деди. Ҳалиги киши:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол, ўзингдан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрарсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Али каррамаллоҳу важҳаҳу: .
– Эҳтимол, бомдод намозидан кейин кун чиқмасдан ухларсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол, ота-онангнинг ҳаққига дуо қилмай қўйгандирсан? – деди. У:
– Ҳа, – деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу:
– Уларни эслаб тур. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. У зот: “Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади”, деганлар, – деди.
Ҳар намоздан кейин икки дақиқангизни ота-онангизга дуо қилишдан қизғанманг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан