Амирлик университети қори Шайх Хусорий ҳаётига бағишланган тадбир ўтказди
“IQNA” сайти хабарига кўра, Бирлашган Араб Амирликларидаги “ал-Қосимия” университети Рамазон ойи муносабати билан “Ҳаёт тажрибаси” номли маърузани ташкил қилди. Ушбу тадбирда машҳур тарғиботчи Ясмин Хусорий ўз маърузаси давомида отаси – қори, шайх Маҳмуд Халил Хусорий раҳимаҳуллоҳ ҳаёти ва у кишининг Қуръон карим хизматида қолдирган ўчмас излари ҳақида сўзлаб берди.
Маърузада Жамол ат-Торифи (университет президенти), профессор Авад ал-Халаф (университет ректори), шунингдек, проректорлар, факультет деканлари, академик ва маъмурий ходимлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Ясмин Хусорий ўз нутқида “Ал-Қосимия” университетидаги тадбирда иштирок этаётганидан фахрланганини таъкидлаб, Шаржа амири шайх, доктор Султон ибн Муҳаммад ал-Қосимийга илм-фан ва маданиятни тараққий эттиришдаги улкан хизматлари учун миннатдорчилик билдирди. Ушбу университет 130 дан ортиқ мамлакатдан келган талабаларни ислом шариати, араб тили ва гуманитар фанлар бўйича ўқитиш орқали мўътадил ва мувозанатли ислом ғояларини дунёга тарқатишда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Қори, шайх Хусорийнинг Қуръон хизмати
Ясмин Хусорий маърузаси давомида отасининг Қуръонга хизмат қилиш учун танланган зот эканини таъкидлади. Шайх Хусорий:
Шайх Халил Хусорий Қуръонни илк марта овозли тарзда расман ҳужжатлаштирган қори бўлиб, унинг тиловати “Ҳафс” ривоятида тўлиқ ёзиб қолдирилган.
Қуръонни ёзма равишда текшириб, хатоларини тузатиш ишларида фаол иштирок этган. Қуръон карим илмлари дунёга таралишида Шайх Хусорийнинг хушовоз тиловатлари ва ҳифзи (ёд олиши) орқали катта ҳисса қўшган.
Хайрия ва кўнгиллилар фаолияти орқали Қуръонни ёйишда фаоллик кўрсатган.
Қуръон илмларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари
Ясмин Хусорий шайх, доктор Султон ибн Муҳаммад ал-Қосимийнинг Қуръон илмларини такомилаштириш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратди.
Маълум бўлишича,“Ал-Қосимия” университетидаги Қуръон факультети – бутун дунё бўйлаб ислом таълимотларини тарқатувчи илмий марказлардан бири саналади. Шаржадаги Қуръон мажмуаси – Аллоҳнинг китоби ва унинг илмларига хизмат қилувчи беназир марказлардан биридир.
Тадбир якуни
Маъруза якунида Ясмин Хусорий талабаларга Қуръон каримни ёд олиш ва қироат қилиш бўйича муҳим маслаҳатлар берди. Шунингдек, илм ва жамият хизматида бўлган ибратли шахсларга эргашиш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Жамол Ат-Тарифи ва профессор Авад Ал-Халаф Ясмин Хусорийни хизматлари учун таҳсин ва мукофот билан тақдирлади.
Манба: alkhaleej.ae
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.