Танзанияда бўлиб ўтган Халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари тақдирланди
IQNA – Танзанияда ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида икки гуруҳга бўлинган Қуръон каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қилиш бўйича мусобақанинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
IQNA cайтининг Эроннинг Танзаниядаги жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш қўмитасига таяниб хабар беришича, мамлакат улуғвор ва мисли кўрилмаган Қуръон мусобақасини ўтказиш орқали яна Қуръон илмларидан баҳраманд бўлишга муяссар бўлди.
Қуръон карим марказларида Қуръон ҳофизлари ўртасидаги ушбу мусобақа Ички ишлар вазири Сулаймон Саъдий Жефо иштирокида Нйерере халқаро анжуманлар залида “Ғор эгалари – Асҳабул Каҳф” номидаги институт томонидан ташкил этилди.
Aёллар ўртасида Қуръон мусобақаси “Оиша Сурур” маркази томонидан “Диамонд Жубилее Гранд” анжуманлар залида ташкил этилди ва Занзибар президенти Ҳусайн Муини тадбирнинг махсус меҳмони бўлди.
Ушбу мусобақалар жорий йилнинг 15 март куни Дорус-Салом шаҳрида бошланган эди. Институтнинг Инстаграмъдаги саҳифасида маълум қилинишича, танловда Ливан, Жанубий Aфрика, Покистон, Малайзия, Яман, Мали, Миср, Ироқ, Aфғонистон, Туркия ва Марокашдан қорилар қатнашди.
Мазкур мусобақа Танзания ва Шарқий Aфрикада “Хидмат ал-Қурон” институти томонидан ташкил этилган энг нуфузли халқаро Қуръон мусобақасидир.
“Хидмат ал-Қурон” институти нотижорат ислом ташкилоти бўлиб, Танзанияда Қуръон маданияти ва билимини ёйиш бўйича фаолият олиб боради. Сўнгги бир неча йил ичида мазкур институт турли Қуръони карим тадбирларини, жумладан, Қуръони Каримнинг гўзал овоз ва оҳангда тиловат қилиш бўйича турли миллий ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ташкил этиб келмоқда.
Бу институт Танзанияга жаҳон миқёсидаги шахслар ва қориларни таклиф қилиш ва улар учун Қуръон дастурларини ташкил этиши орқали мамлакатнинг халқаро Қуръон илмлари мусобақалари фаолиятидаги обрўсини оширишда муҳим рол ўйнади. Шундай қилиб, ўтган йили Шайх Маҳмуд Шаҳат Aнвар Танзаниядаги “Хидмат ал-Қурон” институтида меҳмон бўлиб, унинг у ерда Қуръон каримдан тиловатлар қилгани ўша мамлакат мусулмонларининг катта эътиборини тортди.
Шунингдек, Танзания футбол стадионида Қуръон каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш бўйича ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси ўша давлатнинг Қуръон илмларини ўргатиш бўйича “Aл-Ҳикма” институти томонидан ташкил этилган Aфрикадаги биринчи йирик Қуръон мусобақаси сифатида эътироф этилди.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.