Дунё янгиликлари

Мисрда Рамазон шукуҳи

Чоп этилди Mart 21, 2025 Мисрда Рамазон шукуҳиda fikr bildirishni o'chirish

      Рамазон ойи – ислом оламида энг улуғ ва муборак ойлардан бири бўлиб, мусулмонлар бу ойда рўза тутиш, ибодат қилиш ва яхшиликлар қилиш билан машғул бўладилар. Мисрда эса Рамазон ўзгача муҳит ва шукуҳ билан ўтади.

     Рамазон кириши билан Миср шаҳар ва қишлоқлари ташқи кўриниши билан ҳам ўзгариб кетади. Кўчалар ранг-баранг чироқлар ва анъанавий “фонус” (рамазон фонарлари) билан безатилади. Бу кўҳна анъана болалар ва катталарни бирдек хурсанд қилади. Шу ўринда “Рамазон фонуси” келиб чиқиши ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, бу ҳодиса Фотимийлар халифаси Муъиз Лидиниллаҳ даврида юз берган.  Муъиз Милодий 973  йил рамазони шарифнинг 15-кечасида  Қоҳирага кириб борар экан, Қоҳира аҳли уни узун саф тортиб кутиб олишга чиқишади. Ўша пайтда улар уни қўлларида машъалалар ва маёқлар кўтариб, шеърлар айтиб кутиб олишгани қоҳираликларнинг бугунгача эсларидан чиқмайдиган воқеадир.  Асрлар оша Қоҳира аҳли бу маёқлардан масжидга бориш учун, қариндош-уруғларини зиёрат қилишда фойдаланишар эди. Бу маёқлар жуда ҳам қулай эди, буни ёш болалар кўтариб шаҳар кўчаларини ёритиб юришар эди. Бунинг эвазига инсонлар у болаларга ҳадя улашарди.

Шу йўсинда “Рамазон фонуси” ҳодисаси такрорланиб-такрорланиб одат тусига кириб қолди. Ёш болалар кўтарган бу ёритгич маёқлардан масжидга боришда, рўзадорларга ишорат беришда фойдаланила бошланди. Бу маёқлар саҳарда ёнса, саҳарлик вақтини, кечқурун ўчирилса эса хуфтон намозига ишорат берар эди. Бу маёқнинг Мисрда қўлланилиши, “Ал-Азҳар” университети бино қилинишидан 6 ой олдин бошланган экан. Бу милодий 973 йил (ҳижрий 362) яъни бундан 1041 йил олдинги вақтга тўғри келади.

     Мисрликлар оилавий ва жамоавий ифторликларга катта аҳамият қаратадилар. Мисрлик бой-бадавлат кишилар ўз маблағлари ҳисобидан Рамазон ойи давомида “Маидатур раҳмон –  Раҳмоннинг дастурхони” деган эълон ёзувини жамоага маълум қилади ва шу бир ой давомида махсус жой ҳозирлаб, фақир мискинларга ифторлик  таоми ва ширинликлар тақдим этишади. Бу ишда ўзлари бош-қош бўлишади. Масжидлар ва намозхоналарда эҳсон дастурхонлари ёзилиб, муҳтожлар учун хайрия таомлари берилади. Қоҳирадаги машҳур “ал-Азҳар” ва “Сайидино Ҳусайн” масжидлари, “Хон Халилий”, “Саййида Зайнаб” ва “Саййида Нафиса” каби маҳаллаларда катта ифтор зиёфатлари ташкил этилиб, энг гавжум жойлардан бирига айланади.

  Миср диёрида Рамазон ойи учун тайёрланадиган таомлардан мулухия шўрваси, кофта (Миср кабоби), араб сомсаси ҳамда “Кунафа”, “Атойиф” , “Басбуса”  ва “Умму Али” каби ширинликлар машҳурдир.

   Муборак ой давомида бамдод намозидан икки соат олдин эса дўмбирачилар ҳар куни “Мусаҳҳароти” куйини чалиб, аҳолини саҳарликка уйғотишади.   Бу қадимий анъана ҳозиргача давом этмоқда.

     Миср масжидларида Рамазон кечалари жуда кўтаринки руҳда ўтади. Таровиҳ намозлари ўқилади, унда хатмул Қуръон учун хушовоз қорилар тиловатлари тингланади, диний маърузалар ташкил этилади. Кўчалар намозхонлар билан лиммо-лим тўлиб, автомашиналар йўллари вақтинчалик тўхтатиб қўйилади.

     Ушбу ойда садақа ва эҳсон қилишга бўлган интилиш янада кучаяди. Турли хайрия тадбирлари уюштирилиб, етимлар, кам таъминланган оилалар ва муҳтожларга ёрдам кўрсатилади. Рамазон – инсонларни яхшиликка ундовчи ой сифатида ўтади.

    Мисрда Рамазон нафақат ибодат ойи, балки меҳр-муҳаббат, саховат ва бирдамлик ойи сифатида ҳам нишонланади. Бу ойнинг шукуҳи шаҳар кўчаларидан тортиб, инсонлар қалбигача ёйилади. Рамазон ойи Миср халқининг анъаналари ва маданияти билан уйғун тарзда ўтиб, юртга файз ва барака олиб келади.

Интернет манбалари касосида Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.