Рамазон ойининг биринчи ярмида Пайғамбаримиз масжидига 14 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюрди
Икки Масжидлар Бош бошқармаси Рамазон ойининг 1-дан 15-кунигача бўлган даврда зиёратчиларга кўрсатилган хизматлар бўйича статистик ҳисоботни эълон қилди ва “Рамазон ойининг биринчи ярмида 14 миллиондан ортиқ зиёратчилар Масжид Пайғамбарини зиёрат қилди”, деди.
“IQNA” сайтининг “Расмий Саудия Пресс агентлиги (СПA)” га таяниб хабар беришича, Пайғамбаримиз масжидидаги намозхонларнинг умумий адади 14 миллиондан ортиқ кишини ташкил этган, ушбу масжидга ташриф буюрган умра зиёратчилари адади эса 1 миллион 217 минг 143 кишини ташкил этган. Бундан ташқари, “Равза” аш-шарифада намоз ўқиш учун 223 742 нафар эркакка ва 155 630 нафар аёлларга рухсатномалар берилди.
Ҳисоботда, Пайғамбаримиз масжидида зиёратчиларга тарқатилган ифторлик таомлари сони 4,5 миллиондан ошгани, муборак замзам суви истеъмоли эса 3650 тоннани ташкил этгани ҳам қайд этилган. Шунингдек, тиббий кўрик ва таҳлиллар учун 422 та намуна таҳлил қилиниб, 81 минг литрдан ортиқ дезинфекциялаш ва тозалаш воситаларидан фойдаланилди.
Ҳисоботда, шунингдек, Пайғамбаримиз масжиди билан боғлиқ кўргазма ва музейларни зиёрат қилган зиёратчилар адади 18 минг кишидан ошгани, 51 мингдан ортиқ киши эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кутубхонасидан фойдалангани ҳам маълум қилинди. Шунингдек, шариат илмлари сабоқларидан баҳраманд бўлганлар сони 84 мингдан ортиқни ташкил этди.
Пайғамбаримиз масжиди ишлари бўйича Бош бошқармаси ҳам 250 мингдан ортиқ зиёратчиларга автомашиналар ва электр аравачаларда транспорт хизмати кўрсатиб, кексалар учун 50 минг аравача хизматда бўлди. 20 мингдан ортиқ зиёратчилар ногиронлар аравачасини ижарага бериш хизматидан фойдаланганлар. Шу билан бирга, масжид автотураргоҳининг бандлик даражаси 95 фоизга етди.
Ҳисоботда қайд этилишича, маҳаллий навигация хизматларидан фойдаланганлар сони 47 761 нафар, диний маслаҳатлардан фойдаланганлар сони 45 000 дан ортиқ, турли тилларда кўчма хизматлардан фойдаланганлар сони 22 000 нафарни ташкил этган.
Ҳисоботда Пайғамбаримиз масжидининг ички намозхоналаридаги бандлик даражаси 93 фоизга етган бўлса, масжиднинг ташқи сатҳларидаги бандлик даражаси 80 фоиздан ошгани қайд этилган.
Ҳисоботда ҳар куни Пайғамбаримиз масжидида зиёратчиларга бериладиган ҳадялар сони 600.000 дан ошгани, тақдим этилган хабарлар сони эса 50 дан ортиқ эканлиги таъкидланган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.