Иорданияда 51 давлатдан келган Қуръони карим ҳофизлари мусобақалашмоқда
IQNA – Иорданияда 32-Халқаро Қуръон карим мусобақасининг очилиш маросими шу йилнинг 20 март, пайшанба куни мамлакат пойтахти Aмман шаҳрида бўлиб ўтди.
“IQNA” сайтининг “Jordan Times” газетасига таяниб хабар беришича, мусобақада 51 давлатдан келган иқтидорли Қуръон қорилари ва ҳофизлари иштирок этмоқда.
Кеча, пайшанба куни Қирол Aбдуллоҳ II масжидида бўлиб ўтган очилиш маросимида Иорданиянинг Вақфлар, Ислом ишлари ва зиёратгоҳлар вазири Муҳаммад Aл-Ҳалаий шундай деди: “Бу йилги мусобақа Қуръон нозил қилинган Рамазон ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келди”.
Шунингдек, у ўз ҳукумати ташаббусининг Қуръон мусобақалари, Қуръон институтлари ва Қуръон ҳофизларини қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлади ва “Иорданияда ўтказилаётган халқаро Қуръон мусобақаси кўзга кўринган Қуръон ҳофизларини етиштиришда муҳим рол ўйнайди”, – деди.
Aл-Ҳалаий Вазирликнинг Қуръон илмларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига ишора қилиб, шундай деди: “Вақфлар вазирлиги қошидаги Қуръон марказлари талабалари халқаро мусобақаларда доимо етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда”.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Вазирлик бутун мамлакат бўйлаб 2200 дан ортиқ Қуръон илмларини ўргатиш марказларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
У қўшимча қилди: “Қуръонни тўлиқ ёд олишга бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида Вазирлик яқинда барча Қуръон ҳофизларига бериладиган махсус сертификатни жорий қилди”.
Иорданиядаги Халқаро Қуръон карим мусобақаси бир ҳафта давом этади ва унинг ёпилиш маросими муборак Рамазон ойининг 26-куни (26 март) бўлиб ўтади.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.