Ҳавойи нафс истаклари ҳалокатга бошлайди
Ортиқча орзу-ҳавасга берилиб, исроф ва риё қилишнинг зарари Абдулла Қодирийнинг ўтган асрда ёзилган “Бахтсиз куёв” драмасида келтирилади. Унда айнан тўйдаги дабдаба сабаб Солиҳ ва Раҳиманинг оилавий ҳаёти ўлим билан тугайди: “Мендан шариатдан ташқари оқча олиб, қарздор қилди ва ёш умримизни хазон этди. Сенинг ва менинг бевақт ўлумимизға исроф сабаб бўлди”.
Қуръони каримда: “Яна молларини хўжакўрсинга эҳсон қиладиган, ўзлари Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам ишонмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди)” (Нисо сураси, 38-оят), дейилади. Айримлар обрўсини ошириш, эътироф этилиш учун дабдабага, риёга берилади. Маросимларда бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Баъзилар бошқаларнинг шароитини ҳисобга олмайди…
Дабдабабозлик, риё, топган молини кўз-кўзлаш исрофгарчиликка олиб келади. Исрофгарчилик эса динимизда қаттиқ қораланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ортиқча ҳашаматни, дабдабани яхши кўриш кўпроқ аёлларга хос. Афсус, баъзи аёлларнинг хоҳиши сабаб оилалар бузилиб кетмоқда. Қиз томон сарпони, буюмларни яхши қилмаётганини айтади, қайнона норози. Фақат қайноналар эмас, “Келинингиз нима сарпо қилиб келди?” ёки “Қандай инсонлар қизини бермасди-я, олиб келган нарсасини қаранг!” дегувчи бошқалар ҳам парокандаликка сабабчи бўлишмоқда. Масала ажримга етсагина, маҳалла мутасаддилари бу муаммони ҳал қилишга киришади. Эҳтимол, бугун қудалар ўртасида олди-берди масалалари камайгандир. Бироқ ҳали-ҳануз дабдабага ўчлар оз эмас.
Такосур сурасининг 8-оятида: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!” дейилади. Буни яхши англаган мўмин-мусулмонлар эҳсонни канда қилмай, топган даромадидан муҳтожларнинг ўзига билдирмай кўмак беришяпти. Қўли калта қариндошини умра зиёратига юборган, масжидлар қуриб, оғир беморларнинг қиммат дориларини тўлаб келаётганлар ҳақида эшитамиз. Яна шундайлар борки, ўзидаги риёни кетказиш учун одамларга билдирмай таҳоратхоналарни тозалашади.
Одам мол-дунёси билан эмас, амаллари билангина эсланади. Шундай экан, қилган ишларимиз гўзал бўлсин! Нафсимизнинг пуч орзу-ҳаваслари бизни ҳалокатга олиб бормасин!
Камола АБДУМАЛИК қизи
“Мўминалар”, 6-сон, 2024 йил