Индонезиялик ҳожи: Байтуллоҳдаги энг кекса ҳаж зиёратчиси
“IQNA” сайти хабар беришича, жорий йилги ҳаж мавсумида Байтуллоҳдаги энг кекса ҳаж зиёратчиси – Индонезиянинг Ява оролидан бўлган 109 ёшли кампир, Ненек Самбук саналади.
“ANTARA News” манбасига таяниб, IQNA” сайти маълум қилишича, Ненек Самбук – дунёдаги энг аҳоли кўп бўлган мусулмон мамлакати Индонезиядан келган ва 2025 йилдаги ҳаж мавсумида иштирок этаётган энг кекса аёл зиёратчидир. Унинг қадамлари суст, эшитиш қобилияти ҳам паст, бироқ у ниятида мустаҳкам.
“Менинг дуоим шундаки, Аллоҳ менинг ҳажимни қабул қилсин”, – деди у яван тилида. Унинг сўзларини қизлари Сукми таржима қилди.
Ненек Самбук Жакартадан келган ҳожилар гуруҳи таркибида ҳаж сафарига чиққан. У KBIHU (Ҳаж ва Умра йўлбошчилари уюшмаси) ёрдамида, махсус арава ва шахсий кўмакчи билан таъминотланган.
Ўтган йили ҳам шундай кекса ёшдаги шахслардан бири – Ироқдан 104 ёшли Қазимия Хотам хоним эди. У Мадинадаги шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз халқаро аэропортида илиқ кутиб олинган ва ҳаж ибодатини амалга оширган эди.
Жорий йилдаги ҳаж тарихдаги энг йирик ҳаж мавсуми бўлиши кутилмоқда. Саудия Арабистони 2,5 миллиондан ортиқ ҳожи келиши мумкинлигини маълум қилди. Энг катта квотага эга давлат — Индонезия (221 000 киши), кейинги ўринларда Покистон (180 000), Ҳиндистон (175 025), Бангладеш (127 198), Нигерия (95 000) ва Эрон (87 550) жойлашган.
Шу йилнинг май ойининг ўрталарига келиб, Индонезия, Покистон ва Бангладешдан 220 000 дан ортиқ ҳожилар келгани маълум бўлди. Бу пандемиядан кейин мусулмонлар яна ҳаж амалларига катта шавқ билан қайтаётганини кўрсатади.
Барча ҳожилар тиббий кўрикдан ўтказилади. Шу билан бирга, соғлом ҳолда ҳаж қилиш учун етарлича сув ичиш, соя жойларда дам олиш ва энг иссиқ ҳарорат – пешиндан 3 гача бўлган вақтда ҳаракат қилмаслик тавсия қилинади. Айниқса тавоф ва саъй каби узоқ давом этадиган маросимларда ногиронлар аравачасидан фойдаланиш ҳожиларнинг соғлиғини асраш учун тавсия қилинади.
И.Аҳмедов тайёрлади.