Энг яхши жавоб – жавоб бермаслик
Интернет воситасида кибербуллингга, яъни таҳдидга дуч келиш ҳеч гап эмас. CyberSafe (Киберхавфсизлик) китобида айтилишича, бундай хатарлар оқибатида ҳатто яхши болалар ҳам нотўғри ишлар қила бошлайди. Чунки иккинчи тарафни юзма-юз кўрмайди, лекин унинг таъқиб этаётганини ҳис қилиб туради. Айниқса, одамови, тортинчоқ ёки ўзига паст баҳо берадиганлар ана шу таҳдид қурбонига осонликча айланиши мумкин.
Дарҳақиқат, кибербуллингга дуч келиш жиддий оқибатларга олиб келади. Одам ўзини янада ёлғиз ҳис этиши ва қаттиқ тушкунликка тушиши мумкин. Баъзилар ҳатто жонига қасд қилади.
Хўш, ундан қутулиш учун нима қилиш керак? Аввало ўзингизга қуйидаги саволни беринг: “Мен чиндан ҳам таҳдидга дуч келяпманми?”
Мабодо сизга кимдир интернет орқали шилқимлик қилса, камситса ёки қўрқитмоқчи бўлса, бу – таҳдид. Демак, кибербуллинг. У қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:
Кибербуллинг – ижтимоий тармоқлар ва бошқа интернет ресурсларида шахсга нисбатан психологик зўравонлик, жабрланувчини камситиш ва таъқиб қилиш тури.
Кибербуллингчилар ўз олдига қўрқитиш, руҳий тушкунликка тушириш, ҳақорат қилиш ва таҳқирлаш йўли билан шахсни бўйсундиришни мақсад қилган.
У учта хусусият билан тавсифланади: ният, такрорийлик ва кучларнинг тенгсизлиги.
Кибербуллинг кўпинча таъқиб қилувчининг яширинлигига таянади.
Шахсий онлайн юборилган биргина ҳақоратомуз хабарлар кибербуллинг бўлмайди.
Кибербуллингга учраганингизда сизнинг жавобингиз вазиятни ё яхшилайди ёки янада баттар қилади. Вазиятни юмшатиш учун қуйидаги масалаларга амал қилиб кўринг.
Таҳдидга эътибор бермаслик. Буни америкалик ҳуқуқшунос ва дефектолог Нэнси Виллард “Cyberbullying and Cyberthreats” (Киберзўравонлик ва кибертаҳдидлар) китобида қуйидагича тушунтирган: “Таҳдид солувчиларнинг асосий мақсади қурбонига айланганларни тушкунликка туширишдир. Ана ўшанда улар ўзларининг ҳис-туйғуларини таҳдидлар бошқаришга йўл қўйишади”.
Ҳосили калом, баъзида энг яхши жавоб – мутлақо жавоб бермасликдир.
Қасос олишга киришмаслик.
“Ғазаб – заифлик нишонаси. Бу эса таҳдидларнинг янада кўпроқ авж олишига сабаб бўлади”, дейилади “Cyber-Safe Kids, Cyber-Savvy Teens” (Киберхавфиз болалар, киберхавфсиз ўсмирлар) китобида. Қасос оламан деб уринаверсангиз, ўзингиз ҳам ўша таҳдидчиларнинг бирига ўхшаб кўриниб қолишингиз мумкин.
Хуллас, Оловга ёғ қуйманг.
Огоҳлик. Таҳдидларга вазиятни чигаллаштирмасдан чек қўйиш мумкин. Масалан:
Сизга хабар юборадиган одамни блоклаб қўйинг. “Mean Behind the Screen” (Экран ортидаги ёвузлик) китобида “Ўқимаган нарсангиз сизга зарар етказа олмайди!” дейилган;
Ўқимасангиз ҳам барча далилларни сақлаб қўйинг. Бу тинмай келадиган тажовузкор руҳдаги хабарларни, электрон мактубларни, блог ёки оммавий ахборот воситасидаги постларни, овозли хабарларни ва бошқа ҳар қандай мулоқотни ўз ичига олади;
Таҳдидчига қўрқаётганингиз, жаҳлингиз чиқаётганингизни сездирмасдан қуйидагига ўхшаш хабар юборинг: “Менга бошқа ёзма”, “Қўйган постларингни олиб ташла”, “Бас қилмасанг, бошқа чора кўришимга тўғри келади”;
Ўзингизга ишонинг. Заифликларингизга эмас, кучли тарафларингизга диққат қаратинг. Жисмоний таҳдидлар сингари, кибербуллинг қурбонига ҳам гап кўтармайдиган ва туйғуларини бошқа олмайдиган одамлар айланади;
Яқинларингизга хабар беринг. Шунинг билан бирга бу вазият ҳақида таҳдид солаётган киши фойдаланаётган веб-сайт ёки хизмат кўрсатаётган ташкилотни хабардор қилсангиз ҳам бўлади. Вазият ўта қалтис бўлса, милицияга мурожаат қилинг. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, (Моида сураси, 2-оят), деб таълим берган. Инчунун, бир инсонни экран ортига яшириниб зулм қилаётган золим кимсалардан қутқариш ҳам эзгу амаллар сирасидандир.
Хуллас, кибербуллингга чек қўйиш учун дадил қадамлар қўя оласиз, бунга ишонинг.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА,
ЎзЖДТУ талабаси