Ота-онамизга қандай фарзандмиз?
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани” (Имом Баззор ва Табароний ривояти).
Ижтимоий тармоқда ўқиганим бир ҳикояни ибрат бўлар, деган мақсадда сизларга ҳам илиндим.
“Биз оилада тўрт фарзандмиз: уч ўғил, бир қиз. Болалигимизда отамиз дунёдан ўтди. Онамиз қўлида қолдик. Болаларим ҳеч нарсадан кам бўлмасин, деб онам қўлидан келганича ҳаракат қиларди. Бошқа турмуш қилмади. Ҳаммамизни ўқитиб, уйли-жойли қилди. Шу кунгача не-не қийинчиликларни бошидан ўтказди.
Биз ака-укаларнинг ишимиз юришди. Синглимиз ҳам яхши оилага келин бўлди. Кунларнинг бирида онамизнинг мазаси қочиб, шифохонага тушиб қолди. Таҳлил натижалари ҳаммамизни карахт қилиб қўйди, ташхис мияда ўсимта борлигини кўрсатарди. Биз ўғилларнинг оғзимиздан бир хил гап чиқди: “Доктор, қанча десангиз, берамиз, фақат онамиз тузалсин!” Аммо биз ишонган бойлигимиз ҳеч нарсага ярамади, онамиз вафот этди…
Жаноза ўтди. Уйда ўзимиз қолдик. Онамиз ҳаққига дуо қилайлик, десак, бирортамиз бир калима Қуръон ўқишни билмаймиз. Шундай қилиб, биз фарзандлар онамизнинг энг муҳтож бўлган пайтларида корига ярамадик, ҳаққига тиловат қилолмадик, намоз ўқиб, Худодан гуноҳларини кечиришини сўролмадик. Чунки биз динимизда амал қилиш керак бўлган бирорта амални тузукроқ билмас эдик. Рости, мен бироз онамдан хафа ҳам бўлдим. Тўғри, бизни ҳам ота, ҳам она бўлиб боқиб катта қилди, бировдан кам бўлмадик. Аммо ёшлигимизда динимиздан ҳам нимадир ўргатганида балки ҳозир шундай хижолатли аҳволга тушмасмидик, ким билсин?!
Уйимга келиб, ёнбошлаганча ўзимга савол бердим: мен ўлсам, аҳволим нима бўлади?! Қабрдаги биринчи сўроқ намоздан экан, менинг намозим йўқ-ку! Қуръон ўқиб юрган одамнинг қабри нурли бўларкан, бир калима Қуръон ўқишни билмайман-ку! Аллоҳни эслаб, ҳар бир ишда Унга суянган одамнинг Аллоҳ қабрда сўроғини осон қиларкан, мен ҳамма ишда таниш-билишга ва мол-давлатимга суяндим, аммо улар бу дунёда қоларкан. Қабрга эса фақат яхши ва ёмон амалларимиз бораркан. Эслашга ҳаракат қилдим, яхши амалим кам чиқди, намоз йўқ, рўза йўқ, закот йўқ, қурбонлик йўқ. Ваҳоланки, молимнинг нисоби закотга ҳам, қурбонликка ҳам етади… Бу мактубни ёзишдан мақсадим, жон биродарларим, вақтнинг қадрига етинг, сиз ҳам ўзингизга савол беринг-чи, ўлимга тайёрмисиз?!”
Бундай нарсаларни ўқиб, бехосдан ўйга толасан киши. Ҳа, эртага афсус-надомат чекиб қолмаслик учун бугун ҳаракатимизни қилиб қолайлик. Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб, энг муҳим вазифамиз – Аллоҳни танитайлик. Ўзимиз ҳам ибодатларимизда ихлосли, бардавом бўлайлик. Зеро, охиратда ҳаммасига ҳисоб берамиз.
Саодат ЙЎЛДОШЕВА
тайёрлади.
(Зуҳрахон ҲАМДАМОВА оққа кўчирди.)
“Мўминалар” журнали, 7-сон, 2024 йил