Ҳар куни қандай савоб топасиз?
Телефондан фойдаланишда қандай савоб умид қиласиз?!
Аллоҳнинг изни билан уйингиздаги кичик нарсалардан фойдаланган ҳолда кўп миқдорда ҳасанотлар тўплашингиз мумкин.
Бироқ баъзи аёллар бу борада ҳаддан зиёд исрофчидир. Сиз ўрталикни лозим тутинг. Бошқарувчи бўлинг. Сизни бошқаришларига йўл қўйманг. Гап нима ҳақида эканини билгандирсиз?! Баракаллоҳ!
Гўзал капалагим! Келинг, телефонингиз ёрдамида қилишингиз мумкин бўлган ишлар савобини ҳисоблаб кўрамиз:
- Силаи раҳм савоби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали сурилиши хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
- Саломга алик олиш, ҳол-аҳвол сўраш билан қалбга қувонч олиб киринг.
- Табрик ёки таъзия ё бошқа муносабат билан яхши гап сўзлаш савоби. Набий алайҳиссалом: “Яхши гап ҳам садақадир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
- Фойда келтирувчи барча нарса учун телефондан фойдаланишда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ва ибодат ажрини умид қилинг.
- Телефон ёрдамида қисқа вақт ичида кўпроқ ибодатни бажариш орқали вақтни тежаш савобини умид қилинг. Масалан, онангиз билан суҳбатда қуйидаги ибодатлар ажрини умид қиласиз: ота-онага яхшилик, силаи раҳм, муслиманинг қалбига хурсандчилик олиб кириш, ҳожатни раво кўриш, ширин сўз, суҳбатнинг аввали ва охирида саломлашув кабилар.
- Мусулмонларнинг ҳожатини раво кўриш ажри. Яъни, бирор иши тушган ёки муаммоси бор кишига ёрдам кўрсатишингиз. Унинг ҳожатини чиқариш учун бир неча бор телефонда боғланасиз. Набий алайҳиссалом бундай дейдилар: “Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатида бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
- Шаръий илм талаб қилиш ажри. Муносиб вақтни белгилаб, илм аҳлидан билмаганларингизни сўраб олинг. Набий алайҳиссалом: “Фаришталар толиби илмнинг қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини қўядилар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
- Насиҳат бериш ажри. Бу ишда яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш савоби бор.
- Телефон уйда бўлишингизга ёрдам бераётгани савобини умид қиласиз. Аллоҳ таоло: “Виқор билан уйингизда ўтиринг”, деб буюрган (Аҳзоб сураси, 33-оят). Телефон ёрдамида уйдан чиқишни камайтириш мумкин. Яъни, баъзи яқинлар ҳақида сўраш ёки боришни мўлжал қилган маконингизни аниқлаб олишингиз мумкин. Чунки ташқарига чиқиб, учрашув ерини тополмаслик анча вақтни исроф қилади.
- Суҳбат асносида тўғри йўл ёки яхши ишга далолат қилиш савоби.
- Одамлар орасини ислоҳ қилишда телефонингиздан фойдаланишингиз сиз тарафдан марҳамат бўлади. Бу ҳолат савоб талабида юрган аёлларга тегишли. Баъзида сиз иймони заиф аёлларни учратасиз. Улар телефон ёрдамида икки кишининг орасини бузаётгани, адоват уруғини сочаётганининг гувоҳи бўласиз. Бири эр-хотин орасини ажратса, наригиси келинни қайнонага ёки қайнонани келинга қарши гиж-гижлайди. У бечоралар сўз ўз эгасини етмиш йил жаҳаннамга улоқтириши мумкинлигини билмайдиларда…
Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси
“Мўминалар” журнали, 7-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws