Малайзияда Ўзбекистоннинг Ҳаж мавсумига тайёргарлик кўриш ва маросимларини ўтказиш бўйича тажрибаси намойиш этилди
Малайзиянинг РТМ давлат радио-телевидение компаниясининг TV-1 телеканалида ислом давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг Ҳаж мавсумига тайёргарлик кўриш ва маросимларини бажариш тажрибасига бағишланган кўрсатув намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Хусусан, ушбу кўрсатув Ҳаж мавсуми вақтида эфирга узатиладиган “Салом Байтуллоҳ” кўрсатуви доирасида намойиш этилмоқда.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев RTM ижодий жамоаси билан ҳамкорликда суратга олинган кўрсатувга берган интервьюсида давлатимиз раҳбари томонидан Ҳаж мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида сўз юритди.
Дипломатик вакил Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ҳар бир ҳаж зиёратчининг Саудия Aрабистонига жўнаб кетишидан тортиб, Ҳаж зиёратини тўлиқ бажариб, мамлакатига қайтишигача бўлган барча жараён пухта ишлаб чиқилганини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, жорий йилда Ўзбекистондан 15,2 минг фуқаро Ҳаж зиёратига бориши режалаштирилган. Улар учун мамлакатнинг 9 шаҳридан Мадина шаҳрига парвозлар ташкил этилган.
Ҳар бир 50 нафар зиёратчилар гуруҳига Ҳаж зиёратини тўлиқ амалга ошириш учун диний билимга эга, тажрибали гуруҳ раҳбарлари ва тиббиёт ходимлари бириктирилган.
Таъкидланганидек, зиёратчилар ўз Ватанига қайтгач, ўз маҳалласи ва маҳаллаларида ибрат сифатида қабул қилиниб, жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, маҳаллий ҳокимликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.